Мигрантлардаги фарқ: Адаси, "Нексия"ни "Ласетти" қилиб кетинг...
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот котиби Ортиқхўжа Норов телеграм каналида ўзга юртларда меҳнат қилаётган юрдошларимизнинг кечинмаларини жойлаштирди. Эътиборингизга ушбу кечинмаларни ҳавола этамиз.
"Бир неча йиллар олдин Дубайдаги дўконда молларимизни “сортировка” қилиб ўтирибмиз. Шу дўконда хизматчи бўлиб ишлайдиган 35 ёшлардаги ҳинд йигити бизга ёрдамлашяпти. Орада бир нафас дам олдик.
Танаффусдан фойдаланиб ишчи ҳинд йигити телефонини олиб, ундаги оилавий хотира суратлар ва видеоларни берилиб томоша қила бошлади.
Қарашларидаги соғинч, меҳр, эмоцияларни ёзиб тушунтириб бўлмайди.
Секин гапга солдим...
Айтишича, Дубайга келганига икки йилдан ошибди. Тахминан 200 доллардан ошиқроқ маош оларкан. Ётоғи ва овқати хўжайиннинг зиммасида.
– Жуда кам-ку!
– Илож қанча, юртимда иш йўқ, шу ишга келиш ҳам жуда қийин ва омади келган одамга насиб қилади, деди.
Ойнинг охирида Эмиратдаги Western Union ларда жуда катта очеред бўлади.
Йигит ҳам топган пулини борича, Ҳиндистонга юбораркан. Шундан юз доллардан кўпроғини икки фарзандининг таълим олиши учун ишлатаркан. Қолган қисмини қари онаси ва оиласининг таъминотига сарфлашаркан. Йигит фарзандлари яхши ўқиб, келажакда яхши касб эгаси бўлишидан ва шу орқали «ит ётиш, мирза туриш» ҳаётидан қутулишига умидвор ва шунга ишонади...".
***
Бир ўзбек оила бошлиғи Россияда мигрантлик қиларди.
Бир кетганида камида олти ой ёки бир йилдан кўп муддатда юртга қайтади.
"Нексия"лар мода бўлган пайтлар...
Узоқ муддатли айрилиқдан кейин бир ойлик «таътил»га келган кишига аёли сўз қотибди:
– Адаси, итдаям, битдаям "Нексия" бўлиб кетди. Кетишиздан олдин "Нексия"ни "Ласетти" қилиб кетинг...
Акамиз аёлларининг ўтинчини ерда қолдирмасдан, 30.000 долларга “Ласетти” олганлар ва гаражга қўйиб, узоқ муддатга Москвага жўнаб кетганлар.
Ҳозирги кунда дунёдаги энг зўр математиклар, докторлар, программистлар, пулдорлар... ҳиндлардан чиқаётгани бежизга эмас!