Минг метр электр сими ўғрилари қачон топилади?

Кеча, 8 июнь куни zarnews.uz сайтида “Минг метр электр сими қачон топилади?” сарлавҳаси остида мурожаат эълон қилинди.

Ҳақиқатан ҳам 2021 йил 15 апрель куни Пахтачи тумани Фай маҳалласи ҳудудида жойлашган “Ахмедов Наврўзжон чорва” фермер хўжалиги раиси Н.А. хўжалиги ер майдонидан жами узунлиги 1 километр (1000 метр) бўлган электр симлари йўқолганлиги бўйича мурожаат қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Пахтачи тумани ИИБ масъул ходимлари томонидан терговга қадар текширув олиб бориб, ушбу симлар “Ахмедов Наврўзжон чорва” фермер хўжалигига тегишли эканлиги ва умумий нархи базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваридан ошмаслиги аниқланган.

Мазкур ҳолатда жиноят аломатлари мавжуд бўлмаганлиги учун жиноят ишини қўзғатишдан рад этилган ва “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс”нинг 61-моддаси 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлганлиги сабабли маъмурий тартибда ажратилган.

Ҳозирда ушбу қилмишни содир этган шахсни аниқлаш чоралари кўрилмоқда.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати.