Мирзо Улуғбек барпо этган Самарқанд мадрасаси ва расадхонаси Шарқ маданияти ва фани дурдонаси

22 март - Мирзо Улуғбек таваллуд топган кун

Ғиёсиддин Жамшид Самарқанддан Кошонга, отасига ёзган мактубида Мирзо Улуғбекнинг фаолияти ва билимдонлигини қуйидагича таърифлайди: “Аллоҳга ва унинг неъматларига шукроналар бўлсинким, етти иқлимнинг фармонбардори, ислом подишоҳи донишманд кишидирлар. Мен бу нарсани одоб расми юзасидан айтаётганим йўқ. Ҳақиқат шуки, аввало, у кишим Қуръони каримнинг аксарият қисмини ёддан биладилар. Тафсирларни ва муфассирларнинг ҳар бир оят ҳақидаги сўзларни ақлда сақлайдилар ва ёддан биладилар ва арабчада яхши ёзадилар. Шунингдек, у киши фиқҳдан анча хабардорлар. Мантиқ маъноларининг баёни ва усулларидан ҳам хабардорлар”.

Улуғбек илмга қизиққанлигидан мактаб ва мадрасалар барпо қилди. Бу жуда узоқни кўзлаб қилинган қарор бўлиб, унинг Мовароуннаҳрни мусулмон мамлакатларининг илмий марказига айлантирмоқчи эканлигидан далолат беради. У барпо этган Самарқанд мадрасаси ва расадхонаси нафақат Шарқ маданияти ва фани, балки Европа цивилизациясига катта таъсир кўрсатди. 

Мирзо Улуғбек анъанавий ислом руҳида тарбияланган, умри ва ижоди давомида унга амал қилган. Масалан, коинот жисмларини ўрганар экан, астроном сифатида бу жисмларнинг жойлашишини ва вақтни тўғри ҳисоблашни ўз олдига мақсад қилди.

Ўша пайтларда осмон жисмларини ўрганиш диний қарашларга зид эмас эди. Чунки бундай ўрганиш ибодат вақтини, кун чиқиш ва ботиш вақтини аниқлашни олдиндан билиш муҳим эди.  Шунингдек, ойнинг бошланишини аниқлаш, экин экиш муддатларини билиш, ҳосилни йиғиштириб олиш, ўз ўрнини аниқлаш ва керакли томонга адашмай йўл топиб бориш учун осмон жисмлари илмидан хабардор бўлиш лозим эди. 

Олимнинг илмий тадқиқотлари ўз замони астрономиясининг сўнги ютуқларини ўзида мужассамлаштирган илмий хулосалар сифатида катта маърифий-сиёсий аҳамият касб этди.  У жаҳонга машҳур фалакиётчи олим бўлиб шаклланиши баробарида, ўзи яратган мадрасаи олия ва расадхонада дидактика (таълим назарияси)га асос солди.

Самарқанднинг марказида ўзи томонидан бунёд этилган мадрасаи олияда диний фанлар билан бир қаторда астрономия, математика, метафизика, география, тарих каби фанлар бўйича таълим берилди. Мадрасада таҳсил олувчилар улуғ аждодларимизнинг илмий мероси Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмийнинг астрономик жадвали (“Зижи”), “Ал-Жабр вал-муқобала”, Абу Райҳон Берунийнинг астрономияга бағишланган “Маъсуд Қонуни”, Аҳмад Фарғонийнинг “Фалакиёт асослари” китобларидан фойдаланди. 

Улуғбек расадхонасида Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид Коший, Али Қушчи кўмагида талабалар сайёралар ва юлдузларнинг ҳолатини кузатишди, астрономик ва тригонометрик жадваллар туздилар.

Нарзиқул ШОДИЕВ,

Ўзбекистон-Финландия педагогика институти профессори.