Мирзо Улуғбек таваллудининг 629 йиллигига бағишланган анжуманлар ўтказилмоқда
Бугун, 22 март куни буюк астроном ва математик, ўз даврининг атоқли алломаси, давлат арбоби, ҳукмдор ва соҳибқирон Амир Темурнинг набираси Мирзо Улуғбек таваллудига 629 йил тўлди.
Шу муносабат билан Мирзо Улуғбек музей-мажмуасида олим таваллуди нишонланди.
Тадбирда Самарқанд давлат университети, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ўқитувчи ва талабалари, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси, шаҳримиздаги мактаблар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, Мирзо Улуғбек ҳайкали пойига гулчамбар қўйилди.
Тадбирда сўз олганлар алломанинг астрономия соҳасида яратган тажрибаси, математика ва астрономия фанининг ривожланишга қўшган ҳиссаси ҳақида сўз юритди.
- Улуғбек даврида Самарқанд ўрта асрлар давридаги илм-фан ўчоқларидан бирига айланган, - деди Мирзо Улуғбек музей-мажмуаси директори Жалолиддин Самаров. - 1420 йилда Регистонда барпо этилган биринчи меъморий ансамбль – Улуғбек қурдирган мадраса бўлган. Шу билан бирга бобомизнинг астрономия соҳасида яратган бой тажрибасини бутун дунё тан олган. Буни яқинда нарпайлик ҳайкалтарош Умрзоқ Шарипов томонидан яратилган Мирзо Улуғбек ҳайкали Франциянинг Тулуза шаҳрида жойлашган Фуқаролик авиацияси миллий мактаби ҳудудида ўрнатилганидан ҳам билсак бўлади.