Можаро: “Уч мушкетёр”ни ким ёзган?

Машҳур “Уч мушкетёр” романини ким ёзган, деган саволга ҳар қандай мактаб ўқувчиси Александр Дюма, деб жавоб беради. Чиндан ҳам асар муқовасида ана шу француз ёзувчисининг исм-шарифи турибди. Бироқ ҳаётлигида унга ўзининг китоб муаллифи эканлигини исботлаш учун пинҳон ҳаммуаллифлар билан судда кўп тортишишга тўғри келган. Хўш, асарни аслида ким ёзган?

Адабий фабрика
Ёзувчи арвоҳлар мавжудлиги тарихи дунё каби кўҳна. Қадимги Греция давридан буён бадавлат ёзувчилар сал омадсизроқ биродарларини ўзлари учун бадиий асар ёзишга ёллаганлари маълум. Турган гап, бунда китоб муаллифи сифатида ёлланма ёзувчига жарақ-жарақ пул тўлаган буюртмачининг номи кўрсатилган.

Жаҳон адабиёти тарихчиларининг фикрича, турли даврларда ёлланма ёзувчилардан фойдаланганликда Чарлз Диккенс, Жюл Верн ва Вильям Шекспир гумон қилинган. Аммо энг машҳур адабий қулдор Александр Дюма ҳисобланади. Расман унинг қаламига мансуб “Уч мушкетёр”, “Граф де Монте-Кристо”, “Графина де Монеоро” ва бошқа жуда кўп машҳур асарлар нашр қилинган.
XIX асрда Александр Дюма “цех”ларга бўлинган ҳолда бутун бир ёзувчи арвоҳлар фабрикасига эгалик қилгани ҳақида бутун Францияда ошкора гапирилган. Ёлланма ёзувчиларнинг бирлари асар сюжетини ўйлаб топган, бошқалари диалогларни ёзган, учинчилари уларни бойитган, тўртинчиси эса ёзилганларни жамлаб, яхлит ҳолатга келтирган. Александр Дюма ижодий ҳаёти давомида турли жанрларда 100 минг саҳифа асар ёзганига ажабланмаса ҳам бўлади. Бу йилига тахминан икки минг саҳифани ташкил қилади. Бундай катта ҳажмдаги ишни бир киши бажариши амримаҳол.
Агар у ёллаган ёзувчилардан бири “Уч мушкетёр” асарига ҳаммуаллифликни даъво қилиб, судга мурожаат этмаганида, Дюманинг қора адабий ишлари миш-мишлигича қолаверган бўларди.

Вайсақи журналист
Александр Дюма ҳаётлигида унинг асосий жамоатчилик айбловчиси таниқли француз журналисти Шарль Жан - Батист Жако бўлди. Адабий қулдорликка қарши оташин курашчи журналист ўз мақолаларида Александр Дюмага бир вақтнинг ўзида 63 ёзувчи суткада ўн икки соатлаб кўз нурини тўкиб ишлаганини ёзади. Журналистнинг айтишича, Дюма ота атайин бутун Париж бўйлаб бир тийинга зор даҳо ёзувчиларни излаб топиб арзон гаровга ишлатган. Ўзи эса тайёр қулёзмаларни у ер-бу ерини таҳрир қилиб, исм-шарифини ёзиб нашриётга топширган. Бу ҳақда Париждаги барча катта-кичик очиқчасига гапирган.

Бироқ чинакам момақалдироқ сермаҳсул ёзувчилардан бири Огюст Маке расман мушкетёрлар ҳақидаги романлар трилогияси ва граф Монте-Кристога муаллифлик ҳуқуқини даъво қилиб чиққач, гулдиради. Александр Дюма бошқа ёлланма ёзувчиларга нисбатан унга яхшигина ҳақ тўлаган.

Суддаги олишув
Шуниси ғалатики, Дюманинг “қуллари”дан бирортасини хаёлига унга қарши исён кўтариши келмаган. Бундай қадамни биринчи бўлиб Огюст Мики ташлади. У Александр Дюмага ўн йилдан кўпроқ ишлаган, уч мушктёрлар ва граф Монте-Кристо асарлари муаллифлигига ҳақли эди. У машҳур асарлар муаллифи сифатида муқоваларда Дюма номи ёнида ўз исм-шарифи бўлишини талаб қилди.
Шуниси қизиқки, суд бу шов-шувли ишни Дюманинг машҳурлиги ва бадавлатлигига қарамай, чидам билан ипидан игнасигача кўриб чиқишга интилди. Суд Огюст Макени ҳаммуаллифликка даъвосини рад этди. Аммо Дюмага ўзининг яширин ҳаммуаллифига катта миқдорда товон пули тўлаш ҳақида ҳукм чиқарди. Бу Дюма учун катта маънавий зарба бўлди.

Ижодий ҳамкорлик
1838 йилда икки ёзувчи танишиб қолишди. Огюст Маке эндигина бадиий ижодда ўзини синаб кўраётган бўлса, Александр Дюма донг таратган ёзувчи эди.

Келажакда классик ёзувчига айланажак Макенинг асосий тирикчилик манбаи бегона адабий асарларнинг хатосини тўғрилаш эвазига оладиган даромади эди. Ҳозирги тилда айтганда, ўша асарларни ўқувчилар талабига мослаб берарди. Ўша пайтда Огюст Маке ёзган “Карнавал оқшоми” пьесаси муваффақиятли чиқмади. Уни “Ренессанс” театрида намойиш этиш таклифи рад қилинди.

У дўстларининг маслаҳатига кўра, Алексанр Дюмага мурожаат қилди. Дюма асарни нафақат тузатди, балки уни театрда намойиш этишига ҳам эришди.

Ўшандан бошлаб иккиси биргаликда ижод қилишга киришди. Аммо уларнинг бирин-кетин нашр қилинган асарлари муқовасида фақат Дюманинг номи кўрсатилган эди, холос. Аммо бир кун келиб Дюма Макени ҳаммуаллифликка даъво қилишидан хавфсирарди. Шу боис 1845 йилда у Македан “Уч мушкетёр”га ҳаммуаллифликка даъвогарликдан воз кечгани ҳақида тилхат ёздириб олади. Эҳтимол, Маке бу талабни рад этганида ким билади ҳозирда уч мушкетёрлар ҳақидаги трилогияда Дюма номи ёнида унинг ҳам исм-шарифи турармиди...

Шунга қарамай, Александр Дюманинг машҳур асарларни ёзилишида Огюст Макенинг ҳаммуаллифлик қилганини исботловчи далиллар оз эмас. Улардан асосийлари икки муаллифнинг “Графина де Монсоро”, “Қирқ беш” ва “Виконть де Бражелов” романлари яратилишидаги ўзаро ёзишмаларидир. Дюма ўз хатларида асарларнинг у ёки бу парчаларини нашрга кўрсатиш учун Огюст Македан тезроқ ёзишини талаб қилади.

Қизиғи шундаки, можаролар ва суддан кейин ёзувчиларнинг ҳар бири ўз ижодий йўлларини якка ҳолда давом эттиришди, аммо кўзлаган мақсадларига етиша олмади.

Огюст Макега таниқлик ва тадбиркорлик уқуви етишмади, Александр Дюмани эса ёлғиз ўзи жуда кўп ёлланма ёзувчилар жамоасига эга бўлишига қарамай қурби етмади.

 

Тоғаймурод Шомуродов тайёрлади.