Мол ўғрисига жазо тайинланди
Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти Шофиркон тумани суди очиқ суд мажлисида текин бойлик орттиришни кўзлаб, жиноят содир қилган Д.Ж.га нисбатан суд ҳукми ўқилди.
Д.Ж. 2019 йил 25 июнь куни тахминан соат 21:00 да Шофиркон тумани Тинчлик МФЙ, Саврак қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро Б.Ю.нинг молхонасига ноқонуний равишда кириб, молхонадаги баҳоси 5 000 000 сўм бўлган бир бош сигирини яширин равишда ўғирлаб, ҳодиса жойидан яширинган.
Бундан ташқари, Д.Ж. ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, шу куни тахминан соат 23:00 да Шофиркон тумани Тинчлик МФЙ, Катта Саврак қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро И.Т.нинг ҳовлисида боғланган турган, баҳоси 4 500 000 сўм бўлган сигирини ҳам яширинча ўғирлаган.
Тергов органи томонидан Д.Ж.нинг жиноий ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “г” банди ва 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан квалификация қилинган.
Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 33-моддасида “Ушбу кодекс махсус қисмининг турли моддаларида ёки битта моддасининг турли қисмларида назарда тутилган, жавобгарликка тортиладиган икки ёки бир нечта жиноий қилмишни содир этиш, агарда улардан бирортаси учун ҳам шахс судланган бўлмаса, жиноятлар мажмуи деб топилиши, агар шахс содир этган қилмишида ушбу Кодекс махсус қисми айнан бир моддасининг турли қисмларида назарда тутилган жиноятларнинг аломатлари мавжуд бўлса, у модданинг оғирроқ жазо белгиланган қисми бўйича жавобгарликка тортилиши” кўрсатилганлиги инобатга олиниб, Д.Ж.ни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 169-моддаси 3-қисмининг “а” банди билан айбли деб топилди. Унга шу моддага асосан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан Д.Ж.нинг 2019 йил 27 июндан 2019 йил 8 октябрга қадар қамоқда сақланган ҳар бир куни озодликни чеклаш жазосининг бир кунига тенглаштирилиб, ўташ учун 2 йил 8 ой 19 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.
Ж.ЖУМАНИЁЗОВ,
жиноят ишлари бўйича Шофиркон тумани суди раиси.