Молиявий фаровонликка эришиш йўллари

Ҳозирги кунда инсонлар ҳар томонлама камчиликсиз яшашни, бой бўлишни, ўзининг шахсий бизнесини очишни истайди. Лекин кўпчилик “Бундай шоҳона ҳаётда яшаш учун бойнинг фарзанди бўлиб туғилиш керак”, – деб ўйлайди. Хўш, сизчи? Сиз нима деб ўйлайсиз? Нима учун ўша бой насл сиздан бошланмаслиги керак? 

Сиз қайси касб эгаси бўлишингиздан қатъий назар фермер, ҳайдовчи, корхона ишчиси, ўқитувчи ёки сартарошми сизда бой бўлиш имконияти бор. Сиз “Менга энди кеч бўлди, ёшликда ўқимаганман” ёки “Бу менинг қўлимдан келмайди”, деб ўйлашингиз мумкин. Олдин ким бўлганингиз, қандай яшаганингиз бунинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Сиз ҳозир кимсиз?

Агар сиз ўтмишда қилган ёки қилмаган ишларингизни ўйлаб афсусланаверсангиз ёки ўтириб олиб кимдир сизнинг ривожланишингизга, шахсий бизнесингизни очишингизга ёрдам беришини хаёл суриб, кутиб яшасангиз, сиз ҳеч қачон муваффақиятга эриша олмайсиз.

Ёки сиз “Мен 20, 30, 40 ёшга тўлдим. Энди фойдаси йўқ!”, деб ўйлашингиз мумкин. Нима қилибди, 20 ёш бўлсангиз? Нима қилибди, 55 ёшдаги нафақахўр бўлсангиз? Ҳаётда шундай инсонлар борки 40 ёшида оила қуриб, бахтли яшаб кетган, 45 ёшида ўз бизнесини бошлаб, 70 ёшида миллионер бўлган, ўз касбидан зерикиб, 53 ёшида қайта ўқишга топшириб, талаба бўлган. Агар санаш керак бўладиган бўлса, ҳаётимизда бундай инсонлар жуда кўп. Шуни унутманг, ҳеч қачон ўзимизни ақлан ёки молиявий ривожлантиришга кеч бўлмайди!

Муваффақиятга эришиш учун, энг аввало, ўз ҳаётингизни тартибга келтириб олинг. Қачон уйғонасиз, қачон ухлайсиз, қачон, қаерда ким билан учрашасиз, ҳаммасини олдиндан режалаштириб олинг. Ҳар куни тонгда 30 дақиқа китоб мутолаа қилинг, руҳлантирувчи мусиқаларни тингланг, кун тартибингизни режалаштириб олинг ва режаларингизни ҳеч ким ўзгартиришига асло йўл қўйманг. Ҳар куни оз, лекин доимий равишда ўз устингизда ишлаб боринг. Агар сиз ҳар куни кечаги кунингизга қараганда 1 фоиздан ўзгарсангиз, 1 йил давомида, дастлабки кунингиздаги ҳолатингизга қараганда қарийб 37 марта ўсган бўласиз.

Агар сиз ҳали ўзингизнинг шахсий бизнесингизга эга бўлмасангиз, нимадан бошлашни ва нималар қилиш керак эканлигини билмасангиз, унда биринчи ўринда яшаётган ҳудудингизда нимага талаб кучли эканлигини, бозор  иқтисодиётини ўрганинг ва талабгор маҳсулотлар рўйхатини шакллантиринг. Кейин бу рўйхатдан жой олган бизнес турларининг олдиндан билганингизни ёки у ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлганингизни танланг. Чунки бу муваффақиятга эришишингиздаги асосий омилдир. Шахсий бизнесингизни очишга шошилманг. Авваламбор, бизнесдаги ҳар бир қадамингизни режалаштириб олинг.

Албатта, ҳар бир ишнинг ўзига яраша қийинчилиги бўлгани каби, бизнесда ҳам турли муаммоларга дуч келишингиз мумкин. Бундай муаммолар, асосан, сотувчи ва харидор ёки ҳамкорлар ўртасида юзага келади. Яъни сизнинг маҳсулотингизнинг нархи, сифати ёки ҳажмидан норози бўлиб, сизга арз қилиши мумкин. Бундай вазиятларда, сиз норози томон билан суҳбатда, ушбу қоидаларга риоя қилсанггиз, кўплаб зарарли ҳодисаларнинг олдини олган бўласиз.

- фикрларинггизни режалаштириб олинг;

- сўзларингизни фактларга ва далилларга таяниб ифодаланг;

- ҳиссиётингизни бошқаринг;    

- тингловчининг ўзига хос хусусиятлари: ёши, маданияти, дунёқараши, жинси ва бошқа нарсаларни ҳисобга олиб мулоқот қилинг;

- шахсий мулоҳазалар баёнида “менимча”, “бизнингча”, “тушунишимизча” каби бирликлардан фойдаланинг;

- тил меъёрларига амал қилинг;

- суҳбатдошингизнинг сўзларини диққат билан тингланг;

- энг асосийси, мулойимлик билан муомала қилинг.

Агар сиз бирор бир касб эгаси бўлсангиз ва сизни молиявий томондан таъминловчингиз бўлмаса, у ҳолда бизнесингиз сизга фойда келтирмагунча ўз касбингиздан воз кечманг.

Энди бизнесда муваффақиятга эришган таниқли тадбиркорлардан бири хитойлик Жек Ма шундай дейди:
"Биз, ёшларга айтиб ўтган йўл-йўриғини таништириб ўтадиган бўлсак, “Менинг ёшларга маслаҳатим: йигирма беш ёшингизгача кўпроқ хато қилинг, бу борада хавотир олманг. Энг муҳими, йиқилганингизда қайта тура олинг. Синиб қолманг, ўрнингиздан туринг… Ёш пайтингизда ҳаёт бераётган дарслардан хулоса чиқаринг. Ўттиз ёшдан қирқ ёшгача ҳамма ишларингизда самарадор бўлишига ҳаракат қилинг. Қирқ ёшдан эллик ёшгача сиз ўзингиз устаси бўлган ишлар билан машғул бўлинг, эллик-олтмиш ёш орасида бўлганда эса ёшларни рағбатлантиринг. Чунки ёшлар сиздан яхшироқ ишлаши мумкин. Агар сиз тадбиркор бўлишни хоҳласангиз, қийинчилик ва мағлубиятдан қўрқманг. Ҳеч қачон таслим бўлманг.

Биз бизнесимизни бошлаганимизда корхонага 18 киши эгалик қилардик. Бу 18 кишини Хитойнинг энг ақлли одамлари деб ўйлашади. Аммо биз жуда ҳам ақлли кишилар эмасмиз. Шунчаки доимо охиригача бордик. Ҳаммамиз оддий мактабларни тугатганмиз. Барчамиз омаднинг энг оддий қоидасига амал қиламиз. Келажакка ишонамиз, биз жуда ҳам оптимистмиз, хатолардан ўрганамиз, ҳеч қачон таслим бўлмаймиз”.

Йўқсизликни келтириб чиқарувчи етти асосий сабаб

  1. Шахсий бюджет.

Бир ўйлаб кўринг – пулларингизни нималарга сарфлаяпсиз? Тинч муҳитда ўтириб, сўнгги ҳафтадаги барча харажатларингизни бирма-бир ёзиб чиқинг. Энди фикрланг: харидлар зарурат юзасидан амалга оширилганми ёки йўқ? Баъзи ўринларда иқтисод қилишнинг иложи бормиди? Аниқ бюджет режасининг йўқлиги – иқтисодий фаровонлик кемангиздаги асосий “носозлик”дир. Ҳеч бўлмаганда, бир ойлик шахсий бюджетни шакллантиришни ўрганмас экансиз, молиявий жиҳатдан ҳеч қандай янгилик кутмасангиз ҳам бўлади.

  1. Иқтисодий саводсизлик.

Ер аҳолисининг аксарияти – иқтисодий жиҳатдан саводсиз. Университетни тугаллаган одамлар асосий иқтисодий шарт-шароитларни тушунмасликни оддий ҳол деб билишади. Буни фақат бир йўл билан тўғирлаш мумкин: атрофда нималар рўй бераётганига қизиқиш билдиринг, қандай қилиб нефт нархи – валюта курсига, бу эса сизнинг ҳаётингизга таъсир қилишини тушунишга ҳаракат қилинг. Қарабсизки, пуллар қаердан келиши ҳақида тасаввур ҳосил қиласиз.

  1. Пул муҳим эмас!

 Пул асосийси эмас, улар сизни бахтли қилмайди. Бу сўзларга қўшиласизми? Афсуски, кўпчилик бу фикрга қўшилади. Албатта, асосийси пул эмас. Ўз оилангизга қулай шароитлар яратиш учун пулингиз йўқ бўлса ҳам яхши... Асосийси – сиз биргасиз. Шундай эмасми? Аммо ёдингизда бўлсин, пуллар фаровон ҳаётнинг асоси бўлиши мумкинлигини англаб етмагунингизга қадар бойишнинг уддасидан чиқа олмайсиз.

  1. Кимдир бундан-да оғир аҳволда-ку!

Қашшоқ реалликдан қочишнинг яна бир кенг тарқалган усули. Танишингиздан кўпроқ пул топишингизни англаб етишингиз сизни бойроқ қилиб қўймайди. Шунчаки, юпатади ва бир жойда қотиб қолишингизга сабаб бўлади. Бу тахминан “Ҳечқиси йўқ, Африкада болалар умуман оч-наҳор!” – деб ўйлашдек гап.

  1. Шунчаки дангасалик.

 Соат тўққиздан олтигача ишлаш қийинми? Аслида инсон бунданда кўп ишлай олади. Ўзингиз ўйлаб кўринг, тушликка қанча вақт сарфлайсиз? Неча соат аниқ ишдаги фаолиятингизга йўналтирилади? Орадаги интернетга шўнғишнику, айтмаса ҳам бўлади. Ўзингизни аяшни бас қилинг. Яхши пул топмоқчимисиз, кўпроқ ишланг.

  1. Ёввойи ҳаётга берилиш.

 Енгил ҳаётга, роҳатга, кайф-сафога муккасидан кетиш қашшоқликни чақиради. Инсон ёшлигида роҳатдан қочиш, машаққатдан қочмасликни англаб етмагунча фаровон ҳаётга эриша олмайди.

  1. Бошқаларни айблаш.

Бизнинг ночор яшашимизда бошқа одамлар айбдор эмаслигини аниқ тушуниб етиш – интеллект даражасига ишора қилади. Бошқаларга умид қилавермай, пул ҳақида ўзингиз қайғуринг.

Агар сиз бу оддий қоидаларни ҳаётингизга тарғиб қила олсангиз, ҳаётингизда мисли кўрилмаган ўзгаришларни кузатишингиз мумкин.

Сиз биринчи қадамни ташланг, қандай йўллар очилишини кейин кўрасиз”.

 Дейл Карнегининг “Дўстлар топиш, ўзгаларда хуш таассурот қолдириш ва муваффақият қозониш сирлари”, Уолтер Айзексоннинг “Стив Жобс”, Уильям Д.Данко ва Томас Дж.Стэнлининг “Менинг қўшним миллионер”,  Жеймс Клейрнинг “Атом одатлари” асарлари асосида Азизжон ҚАРШИЕВ тайёрлади.