Москвада қисман сафарбарлик тугагани эълон қилинди
Москва қисман сафарбарлик бўйича топшириқларни бажарди, шу муносабат билан сафарбар этилганларни йиғиш пунктлари 17 октябрь, душанба куни соат 14:00 да ёпилади. Бу ҳақда пойтахт мэри Сергей Собянин ўз блогида маълум қилди.
Мэрнинг айтишича, Москва ҳарбий комиссари томонидан Президент фармонида ва Мудофаа вазирлиги топшириғида белгиланган қисман сафарбарлик доирасидаги вазифаларнинг бажарилиши ҳақида унга маълумот берилган.
Сафарбарлик жараёнида яшаш ёки иш жойи бўйича юборилган чақирув қоғозлари ўз кучини йўқотади. Собянин сафарбарликни пойтахт аҳолиси учун катта синов деб атади ва шаҳарда бу жараён москваликлар масъулияти ва ватанпарварлиги туфайли якунланганини таъкидлади.
Сентябрь ойида пойтахт мэри Москвада ҳарбий комиссарлик ва шаҳар хизматлари ходимлари ҳарбий ёшдаги эркакларга берилган сафарбарлик чақирувномаларини қўшимча равишда текширганини хабар қилган эди. Натижада, ҳарбий рўйхатга олиш ва қабул қилиш бўлимларидан ёлғон ёки нотўғри маълумотлар асосида берилган билдиришномаларнинг бир қисми бекор қилинган, деди Собянин.