Москвадаги ҳарбий парадда қатнашган ўзбекистонлик ҳарбийлар йўлбошчиси Иштихон фарзанди

24 июнь куни Россия Федерациясининг пойтахти Москва шаҳрида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган парад бўлиб ўтди. Парадда илк бор Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Тошкент ҳарбий округ қўмондонининг биринчи ўринбосари полковник Шокир Хаиров  бошчилигидаги ҳарбийлар иштирок этишди.

Ш.Хаиров 1982 йил Иштихон туманида дунёга келган. 1999 йил Иштихон шаҳридаги 35-ўрта мактабда ўқиган. Ш.Хаиров мактабни тугатгач, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида хизмат қилиб, Тошкент Олий Ҳарбий Қўмондонлик олийгоҳида таҳсил олди. Кейинчалик Ўзбекистон Қуролли Кучлар академиясини тугатиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз хизмат бурчини аъло даражада бажариб келмоқда. Яқинда унга полковник унвонини беришди. Ҳарбий йигит аъло хизматлари учун кўпгина мукофотлар билан тақдирланган.

Дўстимнинг 1999 йил 11-синфни битираётганимизда айтган сўзлари хотирамга ўрнашган. У устозларнинг “Келажакда ким бўлмоқчисан”, деган саволига ҳеч иккиланмасдан “Ҳарбий бўламан!”, деб жавоб қайтарган эди. Баракалла, синфдош! Болаликда ўз олдингга қўйган мақсадинга эришишинг учун астойдил интилдинг. Биз сен билан фахрланамиз!

Шерзод ЮЛДОШЕВ.