Сохта мулозамат кимга керак?

Мустақиллик байрами олдидан жойларда янги мактаб ва боғчалар, тиббиёт муассасалари, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектлари очилмоқда. Кўриб, кўз қувонади. Янги бино яхши-да. Лекин...

Лекин шу биноларнинг очилиш маросимида эшик олдида одамларни икки томонга териб, қўлини кўксига қўйиб туриши одати ҳеч йўқолмаяпти-да. Айниқса, мактаб ёки боғча, тиббиёт масканлари очиладиган бўлса ўқувчи ва тарбиячилар, ҳатто баъзида ўқитувчилар, ҳамширалар раҳбарларни кутиб олиш учун сафга териб қўйилади. Ҳеч кимга, ўша раҳбарларга ҳам керак эмас-ку бундай мулозамат.
Ишлаб чиқариш корхонасининг иккинчи босқичи очилишида қатнашдик. Корхона раҳбарининг ўзи меҳмонларни кутиб олди, ишчиларни дарвоза олдига қатор қилиб қўймади. Ҳамма ўз жойида вазифасини бажаряпти. Раҳбарнинг ўзи янги лойиҳа ҳақида гапириб берди, цехларни айлантирди. Ҳеч ким ишдан қолмади, меҳмонлар ҳам иш жараёнига таъсир кўрсатмади.

Мактаб, боғча, шифохона ёки бошқа ижтимоий муассасаларни шу тарзда очишга нима халақит қилади ёки буларнинг фойдаланишга топшириш маросимларини ўтказишнинг бошқача тартиби борми?
Раҳбарлар ва меҳмонларнинг ҳурмати учун ходимлар, талаба ва ўқувчилар уларни эшик олдида, қўлини кўксига қўйиб кутиб олиши керак, деган қараш эскирган ҳурматли ташкилотчилар! Ҳамма ўз вазифасини, зиммасидаги мажбуриятини бажарса, бас – шунинг ўзи ҳурмат, шунинг ўзи тартиб, менимча.