Москвага учган дронлар уриб туширилди. Внуково аэропорти вақтинча рейсларни қабул қилмади

Москва ҳукумати шаҳарга учувчисиз учув аппаратлари ҳужумини қайтарди. Шаҳар мэри Сергей Собяниннинг сўзларига кўра, “Янги Москва ва Москва вилоятида Украина дронларининг навбатдаги ҳужуми уюштирилган”.

“Аниқланган барча учув қурилмалари йўқ қилинди”, — дея Собяниннинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда РИА Новости. Қурбонлар ва вайроналар йўқ.

Дрон ҳужуми туфайли Внуково аэропорти рейсларни қабул қилишни вақтинча тўхтатган - самолётлар бошқа аэропортларга йўналтирилган. Соат 08:00 дан бошлаб Внуковода иш одатдагидек давом этган.

“РИА Новости”нинг фавқулодда хизматлардаги манбалари Янги Москвада тўртта дрон уриб туширилгани ҳақида хабар берди. ТАСС эса уриб туширилган учта дрон ҳақида хабар берган бўлиб, улардан бири Калуга вилоятига қилингани айтган.

3 майга ўтар кечаси Москва Кремлига иккита дрон ҳужум қилган эди. Одамлар жабрланмади. Россия Федерацияси расмийлари воқеани теракт ва ўша пайтда бошқа қароргоҳда бўлган Владимир Путинга суиқасд деб атади. 30 май куни эрталаб эса дронлар Москва ва Москва вилоятининг бир қанча туманларига ҳужум қилган. Уч дрон Янги Москва ва Россия пойтахти марказидаги турар-жой биноларига зарба берган. 21 июнь куни Янги Москва ва Наро-Фоминск вилоятида учта дрон уриб туширилди.

Россия расмийлари дрон ҳужумларида Украина томонини айбламоқда. Украинада ҳужумларга алоқадорлик рад этилиб, Россияга ҳужум қилмасликларини, фақат ўз ҳудудида жанг қилишларини айтишмоқда.