Мотриддан Самарқандга киришдаги асосий йўл ёпилган, такси пули икки баравар ошган. Ҳайдовчи ва йўловчи ҳақида ким ўйлайди?

Қорасув масканидан эрталаб соат 7:30 да ишга бориш учун кўчага чиқдим. Бекатда одам кечагидан кўпроқ экан. Бугун ҳам такси йўқ бўлса керак, деб ўйладим. Таксилар тўхтовсиз келиб турибди, аммо бир қадам жойга фалон пул деяпти. Сабаби, шаҳарнинг Ибн Сино ва Даҳбед кўчалари чорраҳасидан “Мотрид” қўрғонидан ўтган темирйўл кўпригигача бўлган қисми таъмирлаш учун ёпилди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда хабар ҳам берилган эди.

Энди таксилар аэропорт томондан ёки Ширин маҳалласи (За линия)дан айланиб, шаҳарга киряпти. Оқдарё, Пайариқ, Иштихон туманларидан келувчилар ҳам худди шу тарзда шаҳарга келяпти. Масофа узоқ бўлиб кетганидан кира ҳақи ҳам кўтарилиб кетди. Бир такси Қорасувдан Университет хиёбонигача киши бошига 10 минг сўмдан талабаларни олди. Талабалар нима қилсин? Автобус бир соатда ҳам манзилга етиб боролмайди, улар дарсга кечикяпти, мажбур минишди. 

Мен ҳам бир амаллаб таксига миниб олдим. “Опа, такси пули 5 минг сўм эмас, инсоф билан берасиз, йўл узоқ” деди ҳайдовчи.

- Ўзи шу кўча бир йилда учинчи марта таъмирланяпти... – деди йўловчилардан бири.

- Самарқандда йўл муаммоларининг ечими борми? Эрталаб ишга етиб боролмасанг, бу ёқда такси пули қимматлашса, – деди иккинчи йўловчи.

- Россияда йўллар кечаси таъмирланади, ҳатто одамлар сезмайди ҳам, - деди учинчи йўловчи. – Ўзим мана шундай бригадада ишлаганман. Кечаси билан йўлни таъмирлаб қўярдик, аслида бу кўчани ҳам бир кунда таъмирласа бўлади.

Хуллас, эрталабдан кайфият бузилди. Шундоқ ҳам ҳар кунги тирбандликларга кўниккан эдик. Йўловчилар автомашинада айланма кўчалар билан шаҳарга қийналиб киряпти. Кимдир ишга, кимдир ўқишга кечикяпти. Шундай пайтларда Қорасувдан шаҳарга қатновчи аҳолининг оғирини енгил қилиш учун нега тегишли ташкилотлар қўшимча транспорт ажратиб, уларни вақтида манзилига етиш чораларини кўрмайди? Йўл таъмирланяпти экан, ҳайдовчи ва йўловчиларни овора қилмаслик учун Мотридга кириш жойда бирор белги қўйилмайди? Ёки шундай пайтда ЙПХ ходими нега йўл бошида туриб, тирбандлик бўлмаслиги учун автоуловларни бошқа, очиқ, қулай йўлдан юришга йўналтирмайди? 3 йил олдин ваъда қилинган Гагарин кўчаси билан Қорасув масканини боғловчи замонавий транспорт йўли қурилиши нега кечикяпти?  

Дарвоқе, Самарқанд шаҳар ҳокимининг жорий йил 6 майдаги (109-7-107-F/22-сонли) қарорига кўра, айрим кўчаларда 10 майгача транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча тақиқлансин, дейилганди. Бугун эса 11 май, аммо йўллар очилгани йўқ. Хўш, нима учун?

Хуршида Эрназарова.