Самарқанд туманидаги кўчага Уста Умар Жўрақулов номи берилди

Самарқанд туманидаги Қозиариқ, Жўйисой, Қўштамғали маҳаллаларидан ўтувчи Шуҳрат кўчаси Уста Умар Жўрақулов номига ўзгартирилди.

Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича комиссия йиғилишида маълум қилинди.

Уста Умар Жўрақулов 1894 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган. Уста Умар оиласига мансуб кулолларнинг насл-насаби 300 йилдан ошади. Катта боболар ҳунари Умарнинг отаси Жўрақулга мерос бўлиб, у йирик кулолчилик – хум ва тандир устаси сифатида танилган.

Отаси касбини давом эттирган уста Умар моҳир кулол-ҳайкалтарош сифатида машҳур бўлган. У 1953 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвони билан тақдирланган.

Шунингдек, Жомбой туманидаги номсиз кўча номи комиссия қарори билан Аҳмаджон Қурбонов дея аталадиган бўлди.

Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони, тажрибали командир Аҳмаджон Қурбонов Жомбой фарзанди. У “Олтин юлдуз”, жанговар “Қизил Байроқ”, III даражали “Кутузов”, “Суворов”, “Қизил юлдуз”, I даражали “Ватан уруши” орденлари ва кўплаб медаллар билан тақдирланган.

Эндигина 24 ёшни қаршилаган Аҳмаджон Қурбонов Польшани озод этиш учун олиб борилган жангларда ҳалок бўлган. У Куявск-Поморск шаҳри, Шиних (Шыных) қишлоғидаги биродарлик қабристонида дафн этилган.

Жангларда кўрсатган жасорати ва қаҳрамонлиги учун майор Аҳмаджон Қурбоновга “Совет Иттифоқи қаҳрамони” унвони берилган.