Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мой “ёғ” эмас, ёғ "мой" эмас

Бугун дўконларимизда “пахта ёғи”, “кунгабоқар ёғи” ёзуви остида мой маҳсулотлари сотилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу мой билан ёғ маҳсулотлари номланишини алмаштириб қўллаш ҳолатларини юзага келтирмоқда.

“Мой” ва “ёғ” сўзларининг мазмунига илмий нуқтаи назардан қарасак, улар фанда “липидлар” деб аталади. Липидлар ҳайвонлар ва ўсимлик организмида тўпланиб, уларнинг сувда эримаслиги, органик моддалар билан яхши эрувчанлиги, таркибида юқори молекуляр ёғ кислоталарининг бўлиши, организмга фаол таъсир кўрсатиши белгилари бўйича тавсифланади. Липидлар мураккаб бирикмалар бўлиб, шу гуруҳга кирувчи ёғлар инсон рационида муҳим роль ўйнайди.

Ўзбек тилининг изоҳли луғатида “мой” ва “ёғ” сўзларига аниқ тавсиф берилмаган бўлса-да, уларни рус тилидаги “жир”, “масло” сўзлари билан қиёслаймиз. Бу сўзлар табиатан бир хил моддани билдирса-да, улар манба жиҳатидан фарқ қилади. Масалан, “жир” чорва молларининг ёғини, “масло” эса уруғлардан, сутдан ажратиб олинадиган мойни англатади.

“Жир” асли туркий сўз бўлиб, XI асрда яшаган Маҳмуд Кошғарий луғатида ҳам қайд этилган.

“Озиқ-овқат товаршунослиги ва экспертизаси” фани соҳасида фаолият олиб борувчи мутахассислар эса 200 даража ҳароратда қаттиқ консистенцияга эга бўлганларини шартли равишда “ёғ”лар деб, шу ҳароратда суюқ консистенция ҳосил қилганларни эса “мой” деб аташни тавсия қилади. Албатта, бу ерда уларнинг уй ҳароратида қаттиқ ёки суюқ ҳолатида бўлиши уларнинг таркибига кирувчи тўйинган ва тўйинмаган ёғ кислоталарининг миқдорий нисбати билан изоҳланади. Шу сабаб чорва моллари тўқималаридан олинадиган маҳсулотни “ёғ” деб, уруғлардан ажратиб олинадиган маҳсулотни “мой” деб атаган маъқул.

Демак, қўй ёғи, мол ёғи, чўчқа ёғи, пахта мойи, кунгабоқар мойи, зиғир мойи сингари ифодалаш тўғри бўлади.

Рўзибой Нормаҳматов,СамИСИ профессори.Акрам Ғафуров,ассистент.