Мойбулоқдаги мактабларда янги ўқув йилига тайёргарлик кўриляптими?
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов олис ҳудудлардаги умумтаълим муассасаларида янги ўқув йилига тайёргарлик, амалга оширилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишлари билан танишиш мақсадида Каттақўрғон тумани мактабларини кўздан кечирмоқда.
Туманнинг олис ҳудудидаги Қоқсой маҳалласида жойлашган 270 ўринли 64-умумий ўрта таълим мактабида 485 нафар ўқувчи таълим олади. Ғофир Худойбердиев директорлик қилаётган ушбу таълим муассасасида янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари қизғин олиб борилмоқда. Мактабда спорт ва фаоллар залига эҳтиёж бор.
Себистон қишлоғида жойлашган 79-мактаб биноси 2008 йилда қурилиб, фойдаланишга топширилган. Дўстёр Рўзиев раҳбарлик қилаётган 240 ўринли ушбу таълим муассасасида 208 нафар ўқувчи ўқийди. Маҳаллий бюджетдан ажратилган 165 миллион сўм маблағ ҳисобига мактаб биносининг том қисми янгиланмоқда.
Синфхоналар таъмирланиб, янги ўқув йилига тайёрланмоқда. Бироқ ушбу таъмирлаш ишлари сифатсиз бажарилмоқда. Бошқарма бошлиғи амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, тегишли топшириқларни берди.
Шунингдек, тумандаги 80-умумтаълим мактабига қўшимча 160 ўринли янги бино қурилмоқда. С.Усмонов ушбу қурилиш жараёни билан ҳам танишди. Каттақўрғон туманидаги умумтаълим муассасаларини ўрганиш давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз. Шу кунга қадар вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Нуробод, Булунғур туманларидаги мактабларга бориб, янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари билан танишганди ва камчиликлар ҳақида тегишли мутахассисларни огоҳлантирганди.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.