МТМларда “Илк қадам” дастури асосида болаларнинг ривожланиш картаси тўлдирилади
Самарқанд шаҳридаги 104-сонли мактабгача таълим муассасасида “Мактабгача таълим муассасаларида таълим-тарбия жараёнини “Илк қадам” давлат ўқув дастури асосида ташкил этиш ва Ўзбекистон Республикасининг илк ва мактабгача ёшдаги болаларни ривожлантириш борасидаги давлат талабларини амалга ошириш” мавзусида амалий семинар ўтказилди.
Унда иштирок этган Мактабгача таълим вазирлигининг Ўқув-методик мажмуаларни яратишни мувофиқлаштириш ва методик хизматни ташкил этиш бошқармаси ходимлари “Илк қадам” давлат дастурининг асосий мақсади, болаларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишда турли ривожлантирувчи дастурларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.
- “Илк қадам” дастурининг муҳим жиҳати боланинг ривожланиш картасининг юритилишидир, - дейди Мактабгача таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Любовь Евстафьева. - У ўзида боланинг 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган даврини қамраб олади. Карта бир йилда уч марта тўлдирилади ва бола боғчада тарбияланганидан сўнг, яъни 6—7 ёшида унинг мактабга тайёрлиги картаси билан таълим даргоҳига юборилади.
Семинар давомида иштирокчилари гуруҳларга бўлинган ҳолда ривожлантирувчи марказлар фаолияти бўйича билимларини оширишди.