Муаммолар бартараф этилди, 49 нафар фуқаро ишга жойлашди
Нуробод тумани 18-сон мусиқа ва санъат мактаби биносида “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусида умумпрофилактик тадбир, фуқаролар олдида турган муаммоларни ўрганиш, уларни бартараф этишга қаратилган учрашув ҳамда бўш иш ўринлари “Меҳнат ярмаркаси” ташкил этилди.
Йиғилишда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш бўйича вилоят ишчи гуруҳи аъзоларидан Ф.Шукурова, Д.Имомова, И.Уролов, А.Раҳматова “Хўжа Нисбатдор” жомие масжиди имом хатиби, Б.Бобохонов, туман прокурори Р.Ҳакимовлар сўзга чиқиб, ёшларда ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини шакллантириш, ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги ўрни, масъулияти ва мажбуриятини кучайтириш, ўсиб келаётган авлодни турли салбий кучлар таъсиридан ҳар томонлама ҳимоялаш чораларини кўриш, жойларда дахлдорлик, огоҳлик, хушёрликни ошириш ва бошқа долзарб масалалар тўғрисида гапириб ўтди.
Тадбир иштирокчиларидан ижтимоий ҳимояга муҳтож 5 нафар фуқаролар билан вилоят ишчи гуруҳи алоҳида суҳбат олиб борди.
Суҳбат давомида фуқаролардан уй-жойга эгалик, имтиёзли кредит олиш, тиббий хизматга оид муаммолар аниқланиб, жойида бартараф этилди.
“Меҳнат ярмаркаси”да 67 ташкилот 317 та бўш иш ўрни билан қатнашди.
Фуқаролардан 49 нафарига ишга жойлаштириш учун йўлланмалар берилиб, уларнинг барчасига нисбатан шу куннинг ўзида ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқлар расмийлаштирилди.
Ташкил этилган “Китоб савдо ярмаркаси” давомида иштирокчилар томонидан 34 та бадиий китоблар харид қилинди.