Муаммолар бартараф этилди. Мақола сабаб бошқа таълим даргоҳларидаги камчиликлар ҳам ўрганилмоқда
25 сентябрь куни сайтимизда ёритилган “Тойлоқда оммавий спорт турлари ривожига тўсиқ бўлаётган муаммолар қачон ечилади?” сарлавҳали мақолага Тойлоқ тумани ҳокимлиги муносабат билдирди.
Унда, жумладан, шундай дейилади:
“Zarnews.uz” сайтида эълон қилинган мақолада келтирилган камчиликларни ўрганиш юзасидан Тойлоқ тумани ҳокимлиги томонидан ишчи гуруҳи тузилди. Ўрганиш жараёнида мақолада ёзилган ҳолатлар ҳақиқатан ҳам мавжуд эканлиги аниқланди ва ушбу камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур ишлар амалга оширилди.
Жумладан, туман болалар-ўсмирлар спорт мактабининг ҳовлисидаги бетон ариқ чиқиндилардан тозаланди. Спорт зали тўлиқ тартибга келтирилди, зални ёритиш чироқлари янгисига алмаштирилди. Ювиниш ва кийиниш хоналарида ҳам зарур шароитлар яратилди.
22-умумтаълим мактабида аниқланган муаммолар бартараф этилди. Мактабда икки нафар жисмоний тарбия фани ўқитувчиси фаолият юритмоқда, улардан бири Д.Эгамбердиева ҳақиқатан ҳам вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказида малака оширмоқда.
Шу йилнинг 19 сентябрь куни дарс пайтида жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Ф.Пардаев тумандаги 12-умумий ўрта таълим мактабида шахмат спорт тури бўйича ўтказилган мусобақада бўлганлиги аниқланди. Дарсни тўғри ташкил этмагани учун мактаб маъмурияти огоҳлантирилди. Мактабнинг ўғил ва қиз болалар учун мўлжалланган кийим алмаштириш хоналари тартибга келтирилиб, спорт зали турли ортиқча буюмлардан тозаланди.
Мақолада келтирилгандек, 43-умумий ўрта таълим мактабининг футбол ўйингоҳи автомобиль йўли ёнида жойлашган. Бироқ атрофи тўсиқлар билан ўралмаган. Туман ҳокимлиги мутасаддилари билан ўйингоҳ атрофининг 110 метр қисмини темир панжара билан, қолган 600 метр қисмини бетон девор билан ўраш бўйича келишиб олинди. Бу ишлар шу йилнинг ноябрь ойида амалга оширилиши белгиланди.
Спорт зали ва қўшимча хоналарни ёритиш чироқлари тўлиқ алмаштирилди. Ўқувчиларнинг ювиниш хонасида таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.
Юқоридаги ҳолатлар такрорланмаслиги учун ишчи гуруҳи барча таълим муассасаларининг ҳолатини ўрганишда давом этаётганлигини маълум қиламиз".
Тойлоқ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.