Муаммолар гирдобидаги жамоат транспорти
Жорий йилнинг 11-сентябрь куни “Зарафшон” газетасида ҳамда Zarnews.uz сайтида “Самарқанд транспорти: тирбандликларга нима сабаб бўляпти?” сарлавҳаси остида мақола эълон қилинди. Унда журналист Д.Тўхтаев жамоат транспорти хусусида танқидий–таҳлилий фикрларини ўртага ташлаган.
Транспорт бошқармаси томонидан мазкур мақолада танқид остига олинган камчиликлар ва аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар вилоятда мавжуд барча автотранспорт соҳасида фаолият олиб бораётган корхоналарда муҳокама қилинди. Унда кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф қилиш, аҳолига сифатли транспорт хизматини кўрсатиш давр талаби эканлиги қатъий тушунтирилди.
Нақдсиз тўловга қачон ўтамиз?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 январдаги “Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 ноябрдаги “Умумий фойдаланиладиган транспортда йўловчи ташишда йўлкира ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш тўғрисида” қарорига асосан Самарқанд шаҳрида йўловчиларга хизмат кўрсатувчи автобусларда “Tezcard” электрон тўлов тизими жорий қилинганди. Бироқ, “Tezcard” МЧЖ томонидан нақд пулсиз тўлов тизимини оммалаштириш учун тарғибот-ташвиқот ишлари умуман олиб борилмаганлиги сабабли йўловчилар ўртасида электрон тўлов карталари ҳақида етарли маълумотлар мавжуд эмас. Тўғри, Самарқанд шаҳрининг 15 та нуқтасида электрон карталари сотув дўконлари ташкил қилинган бўлса-да, бироқ ушбу тизимни оммалаштиришга телевидения, газета ва ижтимоий тармоқларда, ҳатто, автобусларнинг ўзида ҳам бирор бир реклама ёки нақд пулсиз тўловнинг муҳим жиҳатлари ҳақида маълумотлар берилмаган. Вилоят транспорт бошқармаси томонидан электрон тўлов усуллари ҳақида бериб борилаётган маълумотлар бундан мустасно.
Масаланинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, “Tezcard” МЧЖ ҳамда автокорхоналар ўртасида молиявий масалаларда ўзаро келишмовчиликлар келиб чиқаётганлиги сабабли ҳам тизимда тўхталишлар юзага келмоқда. Йўловчилардан тушган пул тўлов миқдорлари келишилган вақтда ташувчининг ҳисоб-рақамига қайтарилмаган. Хизмат кўрсатиш ҳақида умуман гап бўлиши мумкин эмас. Чунки техник таъмирга муҳтож валидаторлар “устасини кутиб” чанг босган ҳолда хона бурчагидан жой олгани фикримиз исботидир.
Агар шаҳар автобус йўналишларида йўл кира ҳақи 1400 сўм қилиб белгиланганлигини ҳисобга олсак, шундан 5% “Tezcard” МЧЖ ҳисобига ўтказилади. Бундан ташқари, электрон тўловни ечиб олувчи валидаторлар тўлиқлигича онлайн режимда фаолият олиб боради. Бунинг учун автокорхона раҳбарияти мобил сим-карталар сотиб олиш ва фаоллаштириши ҳамда тўлов ўтказилганлигини тасдиқловчи чек қоғозларини ўз ҳисобидан харид қилиши керак. Бундан тушуниш мумкинки, тадбиркор электрон тўлов тизимини йўлга қўйиш учун қўшимча харажатлар қилиши керак. Яъни, ўз пулини қайтариб олиш учун қўшимча харажат қилиши шарт.
“Нега мазкур харажатлар хизмат кўрсатувчи корхона томонидан қоплаб берилмайди?” деган савол эса ҳалигача жавобсиз қолмоқда.
Ким эпчил-у, ким чаққон?!
Автобусларнинг шаҳар кўчаларида бир-бирини қувиб ўтишининг асосий сабаблари бир нечта:
биринчидан, молиявий томонга бориб тақалади, яъни кўпроқ пул териш. Чунки, барча тадбиркорлик субъектларида ҳайдовчиларнинг ойлик маошлари меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори даражасида белгиланган. Уларнинг асосий даромади тадбиркорлик субъекти томонидан “қўйилган режа”дан (Аслида жамоат транспортида кўрилган зарар маҳаллий ҳокимият томонидан қоплаб берилиши керак) ортиқча пуллардир. Шунинг учун ҳайдовчилар имкон қадар кўпроқ йўловчи ташишга ҳаракат қилишади;
иккинчидан, шаҳар йўловчи автобуслари ҳаракатида бир-бирини такрорловчи йўналишлар жуда кўп. Мисол учун, 66, 32, 51, 52, 64 ва бошқа йўналишлар. Бу ҳолатни бартараф этиш учун шаҳар автобус йўналишларини қайта кўриб чиқиш зарур.
Ҳозирда ушбу муаммонинг ечимини топиш мақсадида бир қанча амалий ишлар бошланган, бу ҳақда ижтимоий тармоқлардаги ҳамда расмий веб-саҳифамиз орқали маълумот бериб келмоқдамиз.
Шу ўринда кондукторлик хизмати ҳақида тўхталиб ўтсак. Вилоятда мавжуд автокорхоналар раҳбарлари билан ҳолат юзасидан суҳбатлашилганда, уларда кондукторлик хизмати ходимлари мавжуд эмаслигини айтишди. Ҳозирда ҳар бекатда қулоқни қоматга келтирувчи “паттачилар” ҳайдовчилар томонидан ёлланган ишчилардир. Улар ўзаро келишув асосида “маош” олади. Бироқ, бу ҳолат ҳеч қаерда рўйхатга олинмаган.
Дарвоқе, мақолада кўрсатилган 14-рақамли йўналишдаги автобус бундан 18 ой олдин ўз харажатларини қопламаганлиги учун тадбиркор томонидан тўхтатилган.
Энг оғриқли муаммо
Пандемия сабабли барча корхоналар жиддий зарар кўрди. Бу ўз навбатида транспорт соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини ҳам четлаб ўтмади. Айниқса, 2020 йилда жамоат транспортининг тўлиқ тўхтатилиши тадбиркорлик субъектларини инқирозлик ҳолатига солиб қўйди.
Ҳаммамизга маълумки, шаҳар автобус йўналишларида аҳолига хизмат кўрсатувчи автобуслар банк кредити ҳисобига сотиб олинган. Инфекция тарқалишининг олдини олиш мақсадида қўлланилган қатъий карантин даври учун банклар томонидан кредит фоизларининг ундирилиши транспорт соҳасида фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари учун катта зарба бўлди.
2020 йилнинг биринчи чорагида Самарқанд шаҳрида 560 та автобус йўловчиларга хизмат кўрсатган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 380 тани ташкил қилмоқда. 180 та автобус кредит фоизларини қоплаш учун тадбиркорлик субъектлари томонидан сотилган. Бунинг баробарида мавжуд 56 та шаҳар автобус йўналишларидан 17 тасининг фаолияти вақтинча тўхтаб қолган. (Ҳозирда ушбу йўналишларни қайта тиклаш чоралари изланаяпти) 39 та шаҳар автобус йўналишларида автобуслар йўловчиларга хизмат кўрсатиб келмоқда.
Маълумот ўрнида
Ҳозирда шаҳар кўчаларида йўловчи ташиш хизматини кўрсатувчи автобуслар ҳақиқатан ҳам маънан эскирган, замонавий талабларга жавоб бера олмайди. Бу билан соҳа ўз ҳолига ташлаб қўйилган, деган фикрдан йироқмиз. Қулай транспорт тизимини яратиш, ҳар томонлама қулайликларга эга бўлган замонавий транспорт воситаларини йўналишларга чиқариш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Бунга мисол қилиб, “Симетра” хорижий корхонаси билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишларни, “яшил шаҳар” доирасида олиб келиши мўлжалланган электробусларни айта оламиз.
“Симетра” хорижий корхонаси томонидан ишлаб чиқилган янги лойиҳа ҳозирда мутахассислар томонидан таҳлил қилинмоқда.
Самарқанд вилояти транспорт
бошқармаси ахборот хизмати.