Муҳиддин Пўлатов: Ўзини-ўзи молиялаштириш тизимига ўтиш олий таълим муассасаси хусусийлаштирилди, дегани эмас

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ректори Муҳиддин Пўлатов институт ўзини ўзи молиялаш тизимига ўтгани муносабати билан айрим саволларимизга қуйидагича изоҳ берди.

Институт қабул квоталарини ўз имкониятидан келиб чиққан ҳолда белгилайди

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 июлдаги “Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридан келиб чиқиб, 2020 йил 1 январдан бошлаб ўзини-ўзи молиялаштириш тизимига ўтди. Натижада институт учун бир қанча имкониятлар яратилди. Жумладан, институт таълим хизматлари бозорида талаб ва таклифдан келиб чиқиб, илмий-педагогик салоҳияти, моддий-техник базаси имкониятларини инобатга олган ҳолда кадрларни тайёрлаб бериш, янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини кўпайтириш каби имкониятларга эга бўлди.

Шунингдек, институт ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 декабрдаги ПҚ-4555 сонли қароридан келиб чиққан ҳолда солиқ имтиёзлари татбиқ этилиб, 2020 йил 1 январдан бошлаб ижтимоий солиқнинг ставкаси 25 фоиздан 12 фоизга туширилди. Бунинг натижасида институтда қўшимча маблағларнинг шаклланишига замин яратилди.

Бундан ташқари, институт таълим сифатини оширишда юқори малакали мутахассисларни жалб этиш, уларга устамалар ва моддий рағбатлантиришнинг бошқа турларини мустақил белгилаш ҳуқуқига эга бўлди.

Энди институт қабул квоталарини ўз имкониятидан келиб чиққан ҳолда белгилайди. Бу ҳам абитуриентларга кенг имкониятлар яратади. Жумладан, Президентимизнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида келтирилганидек, ёшларга катта эътибор қаратиш ва таълим грантларини кўпайтириш чора-тадбирлари институтимизнинг ҳозирги ва кейинги фаолиятида устувор ўринни эгаллайди.

Бу тизим Буюк Британия, АҚШ, Франция, Япония ва Жанубий Корея каби таълим ривожланган мамлакатлар тажрибаси асосида амалга оширилмоқда. Бу эса олий таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобатни шакллантириб, олий таълим муассасалари олдига бир қатор вазифаларини қўяди.

Келаси ўқув йилида контракт пулларини оширмасликка ҳаракат қиламиз

Келаси ўқув йилида қабул квоталарини ички имкониятлардан келиб чиққан ҳолда белгилаймиз. Контракт ва оширилган контракт суммалари эса таълим хизматлари бозорида талаб ва таклифдан келиб чиқиб белгиланади. Яъни, нархларни асоссиз ошириш ўз-ўзидан институт таълим йўналишларига бўлган талабни камайтиради. Шу сабабли ҳар бир талабани ўқитиш харажатлари ва уларнинг тўлов қобилияти ҳисобга олиниб, тўлов-контракт суммалари миқдори қайта кўриб чиқилади.

Ўзини ўзи молиялаш тизимига ўтган институтларда талабаларни ўқишдан ҳайдаш мумкин эмас, дегани ҳақиқатдан узоқ

Ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтиш олий таълим муассасаси хусусийлаштирилди, дегани эмас. Институтимизда таҳсил оладиган талаба-ёшларга амалда бўлган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида иш юритилади. Ўқишдан четлаштириш масаласига келсак, бу ҳам айнан ўша меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида амалга оширилади.

Чет эл билан ҳамкорликда хорижда ўқиётган талабалар жамғарма ва грантлар асосида ўқийди

Институтимиз томонидан хорижда таҳсил олиш учун ўқишга юборилган талабалар “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳисобидан ёки грантлар асосида ўқиш имкониятига эга бўлади. Институтнинг илмий салоҳиятини ошириш, профессор-ўқитувчилар малакасини янада ривожлантириш мақсадида институт томонидан ҳам молиялаштириш масалалари кўриб чиқилади ва амалга оширилади.

 Ўзини ўзи молиялаш институт ўқитувчиларининг маошини пасайтирмайди

Институтимиз профессор-ўқитувчиларига иш ҳақи масаласида ҳукуматимиз томонидан белгиланган ойлик ставкалари билан бир хил ставкаларда иш ҳақи белгиланади. Лекин профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти ва унга бўлган талабдан келиб чиққан ҳолда институт алоҳида устамаларни белгилаш ва шунга яраша профессор-ўқитувчилардан таълим сифатини талаб қилиш имконияти ҳам мавжуд.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА ёзиб олди.