Муҳожирларга йўл ҳақи, патент ва суғурта харажатлари учун паст фоизли кредитлар берилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 17 август куни хорижда меҳнат қилаётган фуқароларга муносиб шарт-шароитлар яратиш ва улар билан тизимли ишлаш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Мутасаддиларга хорижий давлатлардаги йирик иш берувчилар билан музокара ўтказиб, ишчи ва мутахассислар юборишни кўпайтириш, меҳнат мигрантларига йўл ҳақи, патент ва суғурта харажатлари учун 10 миллион сўмгача паст ставкада кредитлар ажратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Меҳнат мигрантлари ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш учун хориждаги фуқароларни ҳимоя қилиш жамғармасидан маблағ ажратиш бўйича кўрсатма берилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига ҳокимликлар билан бирга хорижга ишлашга кетган юртдошларнинг оиласидан доимий хабар олиб, ота-онасининг соғлиғи, фарзандларининг ўқиши ва бошқа эҳтиёжларига кўмаклашиш вазифаси қўйилди.