Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича яна «акция» бўладими?

Кейинги 2-3 йилда ер назоратини такомиллаштириш, кадастр, кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш ва ерларни хусусийлаштириш бўйича ислоҳотлар даври бўлди. Кадастр паспортини тайёрлаш муддатлари сезиларли қисқартирилди. Жумладан, кадастр йиғмажилдини тайёрлаш объектнинг мураккаблигига қараб 2 кундан 25 кунгача қисқарди.

Кадастр соҳасидаги ўзгаришлар, ноқонуний объектлар ва давлат рўйхатидан ўтмаган уй-жойларни ҳисобга олишдаги қонуний асослар юзасидан Давлат кадастрлари палатасининг вилоят бошқармаси бино ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш бўлими бошлиғи Баҳодир Ҳакимовга бир неча саволлар билан мурожаат қилдик.

- Қурилишлар йил сайин кўпаймоқда, уларни давлат рўйхатига олиш, хатловдан ўтказиш, электрон базани шакллантиришга эҳтиёж ортмоқда. Аҳолини қийнаётган масалалардан бири ҳам уй-жойни давлат рўйхатидан ўтказиш ва кадастр паспорти тайёрлатиш билан боғлиқ. Кўчмас мулкларни рўйхатга олишда кадастр соҳасида қандай ўзгаришлар бўлди?

- Ҳозирда вилоятимизда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли 899 290 та кўчмас мулк объекти бўлиб, 869 580 та объект жисмоний шахслар тасарруфида. Рақамларни солиштирадиган бўлсак, кўрсаткичлар 2022 йилга нисбатан 7329 тага кўпайган. Кўчмас мулклардан якка тартибдаги турар жойлар 736 337 та бўлиб, шундан 735 197 таси жисмоний шахсларга, 1140 таси юридик шахсларга тегишли. Бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан жисмоний шахсларга тегишли якка тартибдаги уй-жойларнинг қайта қурилиши ёки бутунлай бузилганлиги ҳисобига 4344 та (кам) бўлиб, юридик шахсларга тегишлиси 157 тага кўпайган. Шунингдек, аҳоли тасарруфидаги томорқа ер участкалари жами 52 413 тани ташкил этиб, 404 тага кўпайди. 59 582 та нотурар жой объектларининг 36 519 таси жисмоний, 24063 таси юридик шахслар ихтиёрида. Бунда ҳам 2022 йилга нисбатан жисмоний шахсларда 2076 тага, юридик шахсларда 2566 тага кўпайган.

Рақамлардан ҳам кўриниб турибдики, йил сайин аҳолида уй-жойга мулк ҳуқуқини олиш, мулкни давлат рўйхатидан ўтказишга талаб ортиб бормоқда. Бу, аввало, фуқароларда ҳуқуқий саводхонликнинг ортиши билан боғлиқ.

Ҳукумат қарорлари талаблари асосида вилоят бўйича ўтган йилда хизмат кўрсатиш соҳасида кадастр паспортини шакллантириш учун вилоят Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиалларига 57919 та электрон тарзда ариза (буюртма)лар юборилди ва уларнинг 36059 таси ижобий ҳал этилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги «Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда 2022 йил 28 ноябрдаги «Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида»ги Қонунга асосан кўчмас мулк объектларига бўлган хуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича вилоятимизда 2023 йилда 88 373 та буюртма келиб тушди ва шундан 58 473 та буюртма ижобий ҳал этилди.

- 2023 йилда ер участкаларини аукцион савдоларига чиқариш йўналишида қандай ишлар амалга оширилди?

- Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 августдаги «Ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга ажратишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига асосан, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер участкаларини ажратиш мақсадида “YERELEKTRON” ахборот алмашинув тизимига жами 155 та (2 613,6 гектар) ер майдони киритилди. Ушбу ер майдонлари мактаб, боғча, тиббиёт муассасаси, сув иншооти, электр энергияси корхонаси, маҳаллалар, спорт майдончалари, ободонлаштириш, геология, туман ИИБларига ва бошқа Давлат ташкилотлари ва корхоналарига ер участкалари ажратилди.

Ҳукуматнинг тегишли қарорига кўра, вилоят туман (шаҳар)ларидан жами 6321 та 666,5 гектар бўш ер майдони “YERELEKTRON” ахборот алмашинув тизимига киритилиб, шундан 3055 та ер участкаси аукцион савдоларига чиқарилди. 1532 та лот аукционда сотилди, 1523 та лот савдоларда, 1695 та ер участкаси ташкилотлар томонидан рад этилди ва қолган 1571 та ер участкалари бўйича келишувлар давом этмоқда.

Президентимизнинг 2022 йил 25 июлдаги «Маҳаллаларда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик ва чорвачилик микромарказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан вилоятимизда 44 та микромарказлар ташкил этилиши белгиланган. Вилоятда мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида 260 та 10,8 гектар ер участкаси “YERELEKTRON” дастурига киритилган, шундан 144 та лот аукцион савдоларига чиқарилган, 67 та лот сотилган, 77 та лот бўйича аукцион савдолари давом этмоқда.

Дўкон очиш, савдо фаолияти билан шуғулланиш, умуман, тадбиркорлик қилиш учун ер олишга қизиқувчилар кўп учрайди. Улар ер олишнинг қонуний асослари яратилган бўлса-да, билиб ёки билмай арзон йўлини излаб, кўпинча фирибгарларнинг ер олиб бериш ҳақидаги алдовларига ишониб қолишади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 августдаги «Кўчма савдо фаолиятига замонавий ахборот технологияларини янада кенг жорий этиш ҳамда савдо автомати орқали чакана савдо фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Қарорга кўра, вилоятда жами 23 605 та кўчма савдо жойларини схемалари ишлаб чиқилган. Шундан 14028 та схема келишилган, 9577 та схема рад этилган, 5172 та лот учун савдолар амалга оширилган, 2611 та лот бекор қилинган.

Бундан ташқари, ерларни аукционга чиқариш йўналишида 2024 йилда амалга ошириладиган ишлар бўйича йўл хариталар ишлаб чиқилиб, туман (шаҳар)лар учун режалар белгилаб берилган.

- Яшаб турган уй-жойи ота-онасидан қолган, лекин эгалик ҳужжати йўқ хонадонлар ҳам бор. Бундай хонадонларни ҳужжатлаштириш ва давлат рўйхатига киритиш қандай кечади? Айрим манбаларда яна «акция» бўлиши мумкинлиги айтилганди.

- Аҳолини бугунги кунда кадастр соҳаси бўйича кўпроқ қизиқтирадиган саволларидан бири, бу - эгалиги мавжуд бўлмаган уй-жойларга эгалик ҳуқуқини белгилаш бўйича, десак бўлади. Бу борада аҳоли хонадонларини маҳаллабай таҳлил қилиш, аввалдан фуқаронинг фойдаланишида бўлган якка тартибдаги уй-жойга эгалик қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи ва кадастр ҳужжатига эга бўлмаган ҳамда уй-жойга эгалик ҳуқуқини эътироф этишга асос бўлувчи ҳужжатларни тўплаш билан бирга, электрон базага киритишни ташкил этиш бўйича вилоятимизда жами 583 494 та давлат рўйхатидан ўтмаган объектларга тегишли маълумотлар таҳлил қилинди. Шундан вилоятимизда ҳуқуқий ҳужжати мавжуд бўлмаган уй-жойлар сони жами 456 929 тани ташкил этмоқда. 26 467 таси давлат рўйхатидан ўтганлиги маълум бўлди, ҳуқуқий ҳужжатлари мавжуд 63 476 та объектлар давлат рўйхатидан ўтказилди. Бошқа объект (бўш ер, дала ҳовли ёки барак)лар сони 44 502 тани ташкил этди.

Давлатимиз раҳбари 2023 йилнинг 27 октябрь куни ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ер ҳисобини юритиш ҳамда кадастр хизматларини яхшилаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Ҳисоб-китобларга кўра, республикада 2,4 миллионта хонадоннинг эгалик ҳужжати йўқ. Уларнинг қадастр ҳужжати қилинса, одамларга ҳуқуқий, иқтисодий замин бўлади. Шу боис ҳужжатсиз уй-жойларга эгалик ҳуқуқини бериш бўйича қонун лойиҳасини якунига етказиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, аҳоли узоқ йиллардан буён уй-жой сифатида фойдаланиб келаётган, лекин ҳужжатда қишлоқ хўжалиги ерлари бўлиб қолаётган 817 минг гектар ерни хатловдан ўтказиб, ер тоифасини ўзгартириш таклифи билдирилди. Бироқ бугунги кунда кадастр ҳужжатларини тайёрлашда акция бўлиши кутилаётгани тўғрисидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда жуда кўп тарқаляпти. Хабарларга бироз тузатиш киритиш керак. Сабаби, хабарларда кадастр ҳужжатларини тайёрлаш жараёни акция деб номланяпти. Аслида акция эмас. Чунки топографик ўлчовлар учун Кадастр агентлиги махсус самолёт ва аэрофотокамера, 112 та дрон билан таъминланади, соҳани рақамлаштириш учун эса 6 та ахборот тизими ва маълумотлар маркази ишга туширилади. Аҳоли томонидан “Кадастр ҳужжатлари тайёрлаб берилса, ноқонуний қурилган иморатлар учун қаерга мурожаат қилишимиз керак? Қанча муддатда кўриб чиқилади ва қанча тўлов қилинади?”, деган саволлар кўп берилмоқда. Бу саволларга фақат қонун қабул қилинганидан кейин жавоб беришимиз мумкин. Чунки барчаси қонунда аниқ кўрсатилади.

- Юқоридаги хабарлар тарқалганидан кейин ҳудудларда ерларни эгаллаб, тезкорлик билан қурилиш қилаётганлар учрамоқда. Мазкур уй-жойларга ҳам эгалик ҳуқуқи ва кадастр ҳужжатлари қилиб бериладими?   

– Ҳақиқатан ҳам ижтимоий тармоқларда хабар тарқалганидан кейин «уддабуронлар» кўпайди. «Тезкорлик билан иморат қуриб олиб, бу уйни 5-10 йил олдин қурганман, деб иддао қилсам, ҳужжатлаштириб оламан», деб ўйлаб юрган бўлишлари мумкин. Лекин улар хато ўйламоқда. Сабаби, Кадастр агентлиги томонидан ерларнинг ҳолатини ўрганиш бўйича космик съёмкалар хариталари бор. Улар ёрдамида 5-10 йил, ҳатто 20 йил ортга қайтариб текширишимиз мумкин. Ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик, у ерга ноқонуний қурилмани амалга оширганлик учун қонунчиликда маъмурий жавобгарликдан жиноий жавобгарликкача чоралар белгиланган.

Кўчмас мулк объекти мулкдорлари ёки уларнинг ваколатли вакиллари кўчмас мулк объектига бўлган мулк ҳуқуқи ёхуд бошқа ашёвий ҳуқуқлар вужудга келиши бошқа шахсга ўтиши, ҳуқуқ чекланиши ёки бекор бўлиши, кўчмас мулк объектининг ҳуқуқий ҳолати ўзгариши мумкин. Унда шу кундан бошлаб бир ой муддатда ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда, кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш лозим. Бунинг учун Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали гаров хати расмийлаштирилганда эса кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органга мурожаат қилиш керак.

- Маълумотлар учун раҳмат.

Ўктам Худойбeрдиев  суҳбатлашди.