Муносабат: Жамият тараққиётининг янги стратегияси

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис ва халкимизга Мурожаатномасида юртимизни яқин келажакда ҳар томонлама юксак даражада ривожлантиришнинг энг муҳим олти йўналишини белгилаб берди.

Маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш, уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш, иқтисодиётни техник ва инновацион ўсиш моделига  ўтказиш, ички бозорда талабни рағбатлантириш, касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш, замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизими борасидаги ислоҳотлар каби долзрарб масалалар қаторида яна бир устувор йўналиш - экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш алоҳида таъкидланди.

Президентимиз бу борадаги муаммоларни ҳал этиш учун йирик корхоналарга филтр, тозалаш иншооти ва ҳавога чиқариладиган зарарли моддалар ташланмаларини мониторинг қилиш станцияси ўрнатиш учун 100 миллион долларлик кредит линияси очилишини эълон килди.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги 2 мингга яқин кўмир ва газда иситиладиган иссиқхоналарда қозонхоналардан воз кечилиши таъкидлади. Улар пойтахт атрофидан кўчирилиб, ҳамма жойда марказлашган қозонхоналар орқали иситиш йўлга қўйилиши айтилди.

Шу мақсадда 200 гектардан кам бўлмаган агрокластерлар ташкил этилади, уларнинг таркибига ўтмоқчи бўлган иссиқхоналарга алоҳида субсидия берилади.

Автомобилларга экологик стикерлар бериш тизими жорий қилинади. Шаҳарлардаги тирбандликлар нафақат одамлар ҳаётини қийинлаштирмоқда, балки экологияга ҳам жиддий зарар етказаётгани қайд этилди.

Шу боис, дунё тажрибасидан келиб чиқиб, автомобиллар чиқараётган зарарли моддалар даражасига қараб экологик стикерлар бериш тизими жорий этилади.

Катта миқдорда зарарли моддалар чиқарадиган автомашиналарнинг пойтахт ва вилоят марказлари ҳамда шаҳарларга кириши чекланади.

Бундай транспорт воситаларини янгисига алмаштириш ёки уларга филтр ўрнатиш учун давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади.

Бунинг учун алоҳида жамғарма ташкил қилинади.

Эски машинасини алмаштираман деганларга автокредит фоизининг бир қисми қоплаб берилади. Филтр ўрнатиб, зарарни камайтиришга тайёр бўлган ҳайдовчилар учун харажатларининг бир қисми бўйича субсидия ажратилади.

Пойтахтимиз ва йирик шаҳарларда жамоат транспортини ривожлантириш устувор вазифа бўлади. Шаҳар кўчаларида автобус ва таксилар учун махсус йўлаклар кўпайтирилади. Тошкент, Самарқанд ва Наманган шаҳарларида транспорт ҳаракатини интеллектуал светофорлар орқали бошқариш тизими жорий этилади.

Электромобиллардан фойдаланишни кенгайтириш янада рағбатлантирилади.

Экологик автомобилларни кўпайтириш бўйича беш йиллик дастур амалга оширилади.

Бунда маҳаллий электромобилларга 12 фоизли, хорижий электромобилларга эса 16 фоизли автокредитлар ажратилади.

Электромобилларни қувватлаш станцияларини ташкил қилиш учун тадбиркорларга 10 фоизли имтиёзли кредитлар берилади, ерларни аукциондан икки карра арзон нархда сотиб олиш имконияти яратилади.

Электромобилларни қувватлаш станцияларида автомобилларни зарядлашда 1 киловатт-соат электр энергияси нархининг 300 сўмдан ошган қисми давлат буджетидан қоплаб берилади.

Электромобилда такси хизмати кўрсатадиган фуқароларга ҳам бир қатор имтиёзлар берилади.

Чанг-тўзонларнинг олдини олиш учун Сурхондарёда 10 минг гектарда “яшил макон” ва Сирдарёда 84 километрли “яшил девор” барпо этилади.

Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро ва Навоийда жами 250 минг гектар, жумладан, Оролнинг қуриган тубида 115 минг гектар ерда дарахт ва буталар экилади.

Ҳар бир ҳудудда ботаника ва дендрология боғлари ҳамда 20 тадан соя-салқин сайр кўчалари барпо қилинади.

Корхоналарда экостандартларни жорий қилиш учун келгуси беш йилда камида 30 минг нафар экология менежерига талаб пайдо бўлади. Шунинг учун 2026 йилда ҳар бир ҳудудда “яшил” техникумлар ташкил этилиб, дуал таълим асосида йилига 10 минг мутахассис тайёрлаш йўлга қўйилади.

Янги йилда Марказий Осиё Яшил университети фаолияти кенгайтирилади. Ҳаво, сув ва тупроқ сифатини аниқлаш имконини берадиган комплекс лабораториялар ташкил этилади.

Шаҳарларда табиий вентиляцияни кучайтиришга қаратилган тадқиқотлар ўтказилади.

Умуман, экология соҳасига 2026 йилда 1 триллион 900 миллиард сўм йўналтирилади.

“Дунёда сув танқислиги муаммоси тобора долзарб бўлиб бормоқда. Шу боис, ислоҳотларимизнинг илк кунлариданоқ сувдан оқилона фойдаланишни давлат сиёсати даражасига олиб чиқдик”, – деди Президентимиз. - Сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш тадбирларига 2026-йилда жами 3 триллион 300 миллиард сўм йўналтирилади.

Шунингдек, 1 минг 300 километр йирик магистрал каналлар бетон билан қопланади. Бу қўшимча равишда йилига 500 миллион куб метр сувни иқтисод қилиш имконини беради.

Бундан ташқари, жойлардаги очиқ дренаж ва коллекторларни ёпиқ тизимга ўтказиш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади. Каналларни ёпиқ тизимга ўтказиш бўйича ҳам катта лойиҳалар бошланади.

Пойтахтимиз, вилоят марказлари ва шаҳарларда “яшил” ҳудудларни кўпайтириш учун суғориш, дренаж тизимларини қайта тиклаш зарурлиги таъкидланди.

Бунинг учун 160 миллион долларлик катта дастур доирасида Тошкент шаҳрида 150 километр ёпиқ дренаж тизими барпо этилади, 197 километр канал ва коллекторлар таъмирланади, 63 километр янги каналлар барпо қилиниб, шаҳарда салқин микроиқлим яратилади.

Умуман, Мурожаатномада давлатимиз раҳбарининг 2026 йил ва келгуси йилларда экология мусаффолигини таъминлаш, мавжуд муаммолар ва юзага келиши мумкин бўлган экологик хавфларнинг ечими юзасидан илгари сурган ташаббуслари партиямиз дастур ва мақсадларига уйғун тарзда фаолиятимизнинг асосини ташкил этади.

Хўжақул Муҳаммадиев,

Ўзбекистон Экологик партияси Самарқанд вилояти кенгаши раиси.