Мурожаатлар билан ишловчи ходимлар ҳам малака оширади
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан “Давлат органлари ва ташкилотларининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан иш олиб борувчи ходимлари малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги” низом тасдиқланди.
Унда қайд этилганидек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан иш олиб борувчи ходимлар деганда келиб тушган мурожаатларни қабул қилиш, рўйхатга олиш ва кўриб чиқиш учун юбориш, шунингдек, мурожаатларнинг ҳисоботини юритиш ва кўриб чиқилишини назорат қилиш мақсадида давлат ташкилотларида ташкил этилган бўлинма ёки гуруҳларнинг раҳбар ва ходимлари назарда тутилади.
Низомга кўра, энди мазкур ходимлар малакасини ошириш ҳар 3 йилда камида бир марта амалга оширилади ва малака ошириш курсида ўқиш вақти 12 соатни ташкил этади.
Малака ошириш таълим муассасаси ва унинг филиалларида, ходимларнинг иш жойида ўқитиш, масофавий таълим орқали ўқитиш каби шаклларда амалга оширилиши мумкин. Курслар тўлов-шартнома асосида ташкил этилади. Малака ошириш якуни бўйича имтиҳондан муваффақиятли ўтган тингловчиларга ўқув курсининг номи ва ҳажми кўрсатилган ҳолда намунадаги сертификат берилади.
Синов имтиҳонини топширмаган (суҳбатдан ўтмаган) тингловчига сертификат берилмайди. Бундай ҳолатда тингловчига малака ошириш курсида қатнашганлиги тўғрисида маълумот берилади. Ўқиш даврида малака ошириш курсларига қабул қилинган тингловчиларнинг ўртача ойлик иш ҳақи асосий иш жойи бўйича сақлаб қолинади.
Азамат Нарзиқулов,
вилоят молия бош бошқармаси юридик бўлими бошлиғи.