Мурожаатларга бефарқ бўлган 17 нафар раҳбар ва масъул ижрочилар вазифасидан озод этилди
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш жавобгарликка сабаб бўлади.
Самарқандда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашда қўпол хатоликларга йўл қўйганлиги, ижро интизомини сусайтириб юборганлиги учун 2018 йил июль-декабрь ойларида 247 ҳолатда ҳамда 2019 йилнинг 20 март санасига қадар 39 ҳолатда раҳбарлар ва масъул ижрочиларга нисбатан турли даражадаги жазо чоралари қўлланилди, деб хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.
Жумладан, раҳбар кадрлар ва масъул ижрочиларга 152 ҳолатда расмий огоҳлантириш, 81 ҳолатда “ҳайфсан” интизомий жазоси берилиб, 13 ҳолатда ойлик иш ҳақидан 30 фоизгача жарима тўлаш тартибида интизомий жазо чоралари кўрилди. 17 ҳолатда ижро учун масъул этиб белгиланганлар эгаллаб турган вазифасидан озод этилди. Шунингдек, 23 ҳолатда раҳбар кадрлар ва масъул ижрочиларнинг маъмурий жавобгарлик масаласи масъул идоралар томонидан кўриб чиқилди.