Мурожаатнома спорт фахрийларини ҳам руҳлантирди

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш аҳоли саломатлигини таъминлашда муҳим омил эканлигини таъкидлади. Жумладан, жорий йилда 70 та жисмоний тарбия ва спорт муассасаси, 16 мингта боғча ва мактабларни спорт жиҳозлари билан таъминлашга 100 миллиард сўм ажратилади. Шунингдек, барча туман марказлари ва шаҳарларда пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилади. Аҳолини оммавий спорт турларига кенг жалб қилиш орқали 2021 йилда қамров ҳозирги 19 фоиздан 25 фоизгача етказилади.

Яқинда Осиё Олимпия Кенгаши 2025 йилда Ёшлар ўртасида Осиё ўйинларини Тошкент шаҳрида ўтказиш бўйича қарор қабул қилди. Бу мамлакатимизга кўрсатилган катта ишонч, десак, тўғри бўлади. Айни вақтда, бунинг масъулияти ҳам катта эканини, ўйлаймизки, барчамиз яхши тушунамиз. Қитъамиз миқёсидаги ушбу мусобақага ҳозирдан бошлаб тайёргарлик кўришимиз лозим...

Айниқса, 2021 йил - Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили деб эълон қилинганлиги барчамизни ғурурлантирди. Демак, келгуси йилда ҳам ёшларни қўллаб-қувватлаш ва республикамиз аҳолисининг соғлигини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар бундан-да ривожлантирилади.

Биз, фахрий ўқитувчилар Президентимиз олдимизга қўйган барча вазифаларни сидқидилдан бажаришга ва республикамиз аҳолисининг соғлигини янада мустаҳкамлашда ўз ҳиссамизни қўшишга, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё ва Навоий вилоятларидан келиб бизда малака ошираётган умумий ўрта таълим мактабларининг жисмоний тарбия фани ўқитувчилари, спорт турлари бўйича мураббийлар ва мактабгача таълим ташкилотларининг жисмоний тарбия инструкторларига етарли билим беришни янада такомиллаштиришга астойдил ҳаракат қиламиз.

Салом ҲАКИМОВ,
жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази Самарқанд филиали ўқитувчиси.