Мутахассислар COVID-19 коронавирусини тарихда содир бўлган бошқа пандемиялар оқибатига солиштириб чиқишди

Янги турдаги коронавирус инфекцияси инсоният тарихидаги энг фожиали пандемиялар рейтингининг 20-ўрнидан ҳам жой олмади.

Мутахассислар COVID-19 пандемиясини милодий йилнома бошланганидан буён содир бўлган бошқа эпидемиялар билан таққослаб кўришди. Ўрганишларда ўша даврнинг аҳоли сони ва қурбонлар сони ҳисобга олинди ва фоизлар чиқарилди.

Таҳлилларга кўра, 1347 – 1351 йилларда ҳукм сурган “қора ажал” вабоси инсоният учун энг фожиали бўлган. Бу касаллик дунё аҳолисининг 42 фоизи, яъни 200 миллион инсонни ҳаётдан олиб кетган. Рейтингнинг иккинчи ўрнини 541 – 542 йилларда авжига чиққан вабо банд этди. У дунё аҳолисининг 28,5 (60 миллион инсон) фоизи ёстиғини қуритган.

Сўнгги юз йилда юзага келган эпидемиялар ичида “испанка” гриппи энг кўп одамнинг ҳаётига зомин бўлган. 1918 – 1919 йиллар оралиғида бу касаллик 50 миллион одамни ёки дунё аҳолисининг 2,73 фоизи ҳаётига зомин бўлган. Бизнинг кунларда энг хавфли юқумли касаллик ОИТС бўлиб қолмоқда. У 30 миллион инсонни (дунё аҳолисининг 0,57 фоизи) ҳаётига нуқта қўйди.

Янги турдаги коронавирус қурбонлари сони охирги маълумотларга кўра, 183336 нафарни, ёки дунё аҳолисининг 0,002 фоизини ташкил этмоқда.