Мутолаа: Ҳаёт курашида енгилманг
Улар менинг имконсизлигимни кўришади, мен ўзимнинг қобилиятимни кўраман. Улар мени имконияти чекланган деб билишади, мен ўзимни ўзгача қобилиятли деб биламан.
Баъзан ҳаётимизда нохуш ҳодисалар юз беради. Бу ҳодисалар бизни ўзгартириб юборади, аммо улар даражамизни энг баланд чўққига олиб чиқади. Худди шундай ҳодиса менинг ҳаётимда ҳам рўй берди.
18 ёшда эдим. Дадам турмушга чиқишимни хоҳлади. Агар бу сизни хурсанд қилса, розиман, дедим.
Турмушимиз бахтли кечмади. Оила қурганимизга икки йил бўлганда автоҳалокатга учрадик. Эрим рулда ухлаб қолди ва машина ариққа тушиб кетди. У машинадан сакраб тушишга муваффақ бўлди. У учун хурсандман. Аммо мен машинада қолиб кетиб, оғир жароҳат олдим.
Рўйхат анчайин узун. Қўрқманг: билак суягим синган, елка суяги ва умров суяклари дарз кетган, бутун кўкрак қафасим синган. Шу жароҳат туфайли ўпка ва жигарим қаттиқ шикастланган эди. Нафас олишда қийналардим. Умуртқамдаги учта майда суякчалар бутунлай зарарланганди. Ниҳоят, касалхонага ётқизишди ва икки ярим ой у ерда бўлдим. Бир неча жарроҳликни бошдан ўтказдим.
Бир куни доктор олдимга келди-да “Хўш, рассом бўлмоқчилигингни эшитдим, аммо менда сен учун ёмон бир янгилик бор. Бошқа расм чиза олмайсан, чунки билагинг ва қўлинг оғир жароҳатланган», деди. Эртаси куни эса у “Сенинг умуртқа жароҳатинг жуда ҳам ёмон, бошқа юра олмайсан. Бу туфайли фарзанд кўра олмайсан”, деб кетди.
Ўша куни мен тамом бўлган эдим. Шу дамдан бошлаб бу ҳаётда нега яшаётганим ҳақида ўйлай бошладим. Ойим менга далда бериб “Бу кунлар ўтиб кетади, Аллоҳнинг сенга аталган бирор туҳфаси бор. У нима эканини билмайман, аммо, албатта бор”, дерди.
Бир куни акаларимга «Биламан, жароҳатланганман, аммо касалхона деворларига қараб ётишдан чарчадим. Ҳаётимга кўпроқ ранг қўшишни хоҳлайман, нимадир қилишни истайман. Озроқ ранг мато келтиринглар, расм чизишни хоҳлайман», дедим.
Кейин, касалхонадан чиқдим ва уйга қайтиб бордим. Уйга борганимда англадимки, сиқилиш туфайли орқамда кўплаб жароҳатларни ривожлантирибман, ўтира олмас эдим. Танамда кўплаб инфекциялар бор эди. Шу сабабли, доктор тўшакда тўғри ҳолатда ётишимни айтди. Олти ой эмас, бир йил эмас, икки йил.
Тўшакка михланиб қолган эдим. Бир хонада, деразадан ташқарига қараб, қушларнинг сайрашини тинглаган ҳолда ётишимга тўғри келди. Ўйлардим, қачонлардир менинг ҳам оилам билан ташқарига чиқадиган куним келар. Шу дамда одамлар қанчалик бахтли эканликларини англадим. Худди шу дамда инсонларнинг қандайин бахтли эканликларини англашлари учун улар билан бу азобни улашишим лозимлигини тушуниб етдим. Ваҳоланки, улар ҳатто ўзларини бахтли деб ҳисоблашмайди.
Шу кундан бошлаб қўрқувларимга қарши курашишга қарор қилдим. Биз ҳаммамиз қўрқамиз, нималардандир қўрқамиз, Одамларни йўқотишдан, соғлиғимизни, пулимизни йўқотишдан қўрқамиз. Иш фаолиятимизда зўр бўлишни, машҳур бўлишни, кўп пул топишни хоҳлаймиз, ҳар доим қўрқиб юрамиз. Шундай қилиб, мен ҳамма қўрқувларимни бирма-бир ёзиб чиқдим ва бу қўрқувларни бир вақтнинг ўзида енгиб чиқишга қарор қилдим. Биласизми, мендаги энг катта қўрқув бу - ажрашиш.
Эримдан умидимни узмасликка ҳаракат қилардим, аммо мен йўқ дедим. Уни ўз ҳолига қўйишим орқали, уни ўзимдан халос қилдим. Шунингдек, мен ўзимни руҳан жуда ҳам кучли қилдим. Унинг бошқа аёлга уйланаётгани ҳақидаги хабарни эшитган куним унга СМС юбордим: сиз учун жуда ҳам хурсандман ва сизга бахт тилаб қоламан. Иккинчидан, мен она бўла олмас эдим ва бу мен учун анчайин оғир эди. Кейин англадимки, дунёда оиласи бўлишини хоҳлайдиган қанчадан-қанча қора кўзлар бор. Шу сабабли йиғлаб ўтиришдан фойда йўқ. Шунчаки бор-да, фарзандликка бола асраб ол ва мен ҳам шундай қилдим. Одамлар ўйлашадики, улар бошқа одамлар томонидан қабул қилинмайди, чунки биз мукаммал одамлар дунёсида номукаммаллармиз.
Шундай қилиб, мен ногирон эканлигимни тан олиб ўтириш ўрнига, жамоат кўзига кўпроқ кўринишни, расм чизишни бошладим. Миллий каналга руҳлантирувчи инсон сифатида қўшилишим кераклигини англадим ва кўплаб шоуларни ўтказиб келяпман. Ўтган вақт давомида аёллар миллий дўстона муносабатлари элчиси бўлдим. Ҳозир аёллар ва болалар ҳуқуқлари учун гапираман. Биз қўшилиш, турфа хиллик тўғрисида суҳбатлашамиз. Ҳар сафар жамоат олдига чиққанимда жилмаяман ва одамлар мендан сўрашади: ҳар доим жилмайиб юришдан чарчамайсизми? Бунинг сири нимада?
Мен ҳар доим бир хил жавобни бераман: йўқотган нарсаларим ва одамларим тўғрисида ташвишланишдан тўхтадим. Мен билан бирга бўлиши керак бўлган одамлар ёнимда. Баъзан, бирор кимнинг йўқлиги сизни янада яхшироқ инсон қилади. Ҳаётингизни тўлиқлигича яшанг, қандай бўлсангиз, ўзингизни шундайлигингизча қабул қилинг. Ўзингизга меҳрибон бўлинг, ўзингизга меҳрибон бўлинг, қайтараман, ўзингизга меҳрибон бўлинг ва фақат шундагина бошқаларга ҳам меҳрибон бўлишингиз мумкин. Ўзингизни севинг ва бу севгини атрофга тарқатинг. Ҳаёт баъзан қийинлашади, бир қанча тартибсизликлар ва синовлар бўлади, аммо булар сизни фақатгина кучли қилади. Шундай қилиб, сиз ўзингизни қандай бўлсангиз, шундайлигингизча қабул қилсангиз дунё сизни танийди.
Муниба Мазари (Покистон). ( Инглиз тилидан Элдор ЭРКИНОВ таржимаси).