Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мутолаа: Баҳс. Ҳажвия

Тоғаймурод Шомуродов

- Маҳалла-кўйда хижолатдан бош кўтара олмай қолдим. Сиз ҳам эркак бўлиб, бундоқ уй-жойга қарайсизми, йўқми? – Сатангбонунинг лаби лабига тегмай жавради. – Худди лўлининг кулбасига ўхшайди!

 

Султон хотинининг дийдиёларига ўрганиб қолгани учун миқ этмади. Бу Сатангбонунинг баттар жағини очди.

- Ҳой, мен кимга гапиряпман, қулоғингиз том битганми? – Сатангбону илондай “вишиллади”, қўлларини белига тираб, “Ф” шаклига кирди. Энди айтганини қилдирмай қўймайди!

Султон ҳушёр тортди. Босиқлик билан хотинини шаштидан тушириш керак. Тўғри, у ҳозир бир дўқ билан унини ўчириб қўйса бўлади. Аммо ундай қилмайди. Йўқ, қўрққанидан эмас, ҳурмат қилганидан. Қолаверса... Ҳа, майли буёғи бошқа мавзу. Уйлангандан бери шунга ўрганган, чизган чизиғидан чиқмайди. Овози эшитилган заҳоти командирнинг буйруғини бажаришга шай аскардай тик қотади. Ким нима деса, десину, бу қўрққанидан эмас, азбаройи ҳурмат қилганидан. Хуллас, ҳозир жавоб бермаса, бирор кор-ҳол бўлиши аниқ.

- Уйга нима қилибди, бирор жойи ўпирилиб тушибдими? Худога шукур, бинойидек уй, ўтирибсан маликадай...

- Ўпирилиб тушса майли эди, сиз ташқарига чиқиб, томга қаранг! Қўшнининг томидан қанча паст?

- Эй, хотин, яна бошладингми? Қўшни билан басма-бас том кўтаравериб, белим чиқди-ку! Қўй, энди, ярим метр паст бўлса бўлар.

- Нима? Нима дедингиз? - Сатангбону еб қўйгудек бўлиб, эри сари юрди.

- Хўп дедим-ку, хўп! - Султон ортига тисарилди.

Султон машинасини гаровга қўйиб, банкдан қарз олди. Томни очиб, қўшнисининг томидан ярим метр баланд қилиб кўтарди. “Ана салобату, мана ҳашамат. Қурғур хотиннинг тили арининг нишидай бўлса ҳам, диди чакки эмас. Эй, Султон, томинг баланд, томингдан номинг баланд. Қандингни ур, қарзни узиш бир гап бўлар”.

У томга қараб, мамнун бўлди. Султоннинг бу қилиғи қўшнисининг иззат-нафсига тегди. Негаки, у ҳам хотинини ҳурмат қиладиган эркаклардан эди. Томни Султонникидан баланд­роқ кўтариш учун ишни бошлаб юборди. Эрталаб ишга отланган Султон унинг дарвозаси ёнида ғишт тўкаётган машиналарни кўриб, бўшашиб қолди.