Мутолаа: Кечиккан кечирим

Ҳикоя

Сабоҳат қизиқувчанлиги туфайли қилган бу иши шу қадар ваҳима, ҳатто фожиа билан тугашини хаёлига келтирмаган эди.

...Улар - икки дугона дарсдан кейин Сабоҳатникига бориб ўтган мавзуларни такрорлашди, иккови ҳам тиббиёт институтига ўқишга кириш учун астойдил тайёргарлик кўришяпти. Шу орада кофе ичиб олиш учун балконга чиқишди. Фурсатдан фойдаланиб, ота-онаси билан хорижга кетган собиқ синфдоши Гулнорага телефон қилишди. Уларда ҳам дарслар тугаган экан, бемалол, яйраб гаплашишди. Гулнора қадрдон мактаби, синфдошлари, маҳалласини жудаям соғинганини айтди. Шунда Сабоҳат "мана, дугон, соғинган бўлсанг, бир кўриб, тўйиб ол", деб телефонида бутун атрофни кўрсата бошлади, чунки улар кўпқаватли уйнинг еттинчи қаватида туришади, атроф кафтдек кўринади, ҳатто мактаби ҳам. 

- Ие, дугон, қара, мактабимизда тутун кўриняптими? 

- Қани, қаерда? 

Қизлар синчиклаб қарашса, мактаб биноси орқасидан буралиб қора тутун чиқяпти. 

-  Вой ўлмасам, ҳа, ёнғинга ўхшайди, лекин мактабимизда эмас. 

Мактаб ортида истироҳат боғи, болалар боғчаси, битта ошхона, китоб дўкони бор. Иштиёқманд ёш қизларга эса унинг аҳамияти йўқ, тутуннинг осмонга кўтарилиши, атрофга бадбўй ҳид тарқалишига қизиқишди, ҳатто ўт ўчириш машинаси келганини ҳам дугонасига роса айлантириб кўрсатишди. 

...Улар Гулнора билан хайрлашиб, яна китоб ўқишга, мавзуларни ўрганишга киришдилар, эртасига одатдагидек дарсга бордилар. Қарашса, болалар оғзида ҳам кечаги ёнғин масаласи. Маълум бўлишича, қоровули тушмагур болалар боғчаси ҳовлисига ярми кўмиб қўйилган машина шинаси илма-тешик бўлиб эскиргани учун чиқариб ташлашга эриниб, уни ёққан. Кимдир  ваҳима қилиб “01” га хабар берган, ўт ўчирувчилар аланга олмаган ёнғинни ўчириб, қоровулга танбеҳ бериб кетишган. Бор-йўқ гап шу. 

Сабоҳат дарсдан сўнг уйга келса, отаси ҳам, онаси ҳам хавотирда ўтиришибди. 

- Тинчликми, ойижон, нима гап? 

- Тоғанг касалхонага тушди. Инсульт олипти. 

Тоғаси Музаффар муаллим таниқли ўқитувчилардан, ўтган йили пенсияга чиққан, хориждаги ўғлининг ёрдамида шу йил истироҳат боғининг бурчагида, мактабга яқин жойда омонат китоб дўкони очган. Устамасини камроқ қўйгани учун доимо гавжум. Тавба, кечагина кўрганди, соппа-соғ юрганди, ҳатто Сабоҳатга дўконга кириб ўт, кимёдан зўр китоб келган, деганди. Онасининг ташвиши эса ваҳимали туюлди. 

- Нега, кеча ўзим кўргандим, соппа-соғ эдиларку?

- Уйи куйсин шу интернет деганининг! Илоҳим, балоларга йўлиқсин шуни ўйлаб топган одам! Ишқилиб, акажоним омон бўлсин... 

Онаси қўлидаги телефонини уйнинг нариги бурчагига отиб юборди. 

Суҳбатдан маълум бўлдики, болалар  боғчасида бўлган ёнғин сабаб, интернетда Музаффар муаллим ва унинг оиласи шаънига ёмон гаплар айтилган, бир умр ҳалол меҳнат қилган зиёли бу оғир иддаоларни кўтара олмаган. 

- Ойижон, боғчадаги ёнғиннинг тоғажонимга нима алоқаси бор экан, ахир қоровулини жарима қилиб кетишганку.

- Э, қизим, қайси бир номард, бефаросат ўша ҳолатни интернетга қўйибди. Билган ҳам, билмаган ҳам видеонинг шарҳига ҳар нарсалар ёзипти. Кимдир китоб дўкони ёнган бўлса керак, деб тоғанг, ўғли ва қизи ҳақида бўлмағур гапларни ёзипти. Бояқиш бу таънани кўтара олмаган. 

- Ким, қайси ахмоқ қўйибди уни? 

- Биздан эмас, чет элдан кимдир қўйибди. Участка нозири буни аниқлашнинг иложи йўқ, деяпти. 

Сабоҳат калаванинг учини топгандек бўлди, дугонаси билан кечаги суҳбати ёдига келди. Эти жунжикиб кетди: наҳотки тоғажонимнинг касал бўлишига мен сабабчи бўлдим, наҳотки Гулнора лавҳаларни ёзиб олган бўлса?! 

У сезди, жуда ҳам аён сезди, аммо бир ҳолда турган ота-онасига сездирмади. Қолаверса, бўлиб ўтган воқеани улар хаёлига келтиришмасди. 

-  Ойижон, мен касалхонага кетдим... 

У бутун вужуди билан тоғаси ҳузурига интилди, бошида мингта хаёл чарх урарди. Эҳ, Гулнора, нима иш қилиб қўйдинг, мен каллаварам, нега шу лавҳани унга кўрсатдим... Келиб-келиб, ўзимни кўтариб катта қилган, билим олишимга куйиниб  ёрдам бериб келган тоғажонимга ёмонлик қилиб қўйдимми, бу нима кўргулик!?
Сабоҳат шифохонага етиб келганини билмай ҳам қолди, бироқ уни палатага қўйишмади, мумкин эмас, бемор комада, дейишди. Ақли етган жиян эмасми, эшик олдидаги ўриндиқда ўтириб, ўзича пушаймонлар, тазаррулар қилди, билганича оятлар ўқиди: Эй Худо, тоғажонимнинг жонини омон сақла. Эй Худо, гуноҳимни кечир...

Кўп ўтмай ота-онаси, бошқа қариндошлар ҳам етиб келишди. Минг афсуски... реанимация палатасидан чиққан врач бошини чайқаб, Музаффар тоғанинг қизига ва Сабоҳатнинг онасига юзланди: 

- Ҳамма йўлини қилдик, кенг инфарктга учраган. Бандалик...

Сабоҳат онасини қучоқлаб додлаб  юборди: 

-  Тоғажоним!!!

Фармон ТОШЕВ.