Нафақат гаджетлар: олимлар болаларнинг руҳий саломатлигини бузадиган маҳсулотларни маълум қилишди

Бизда шундай тушунча шаклланиб қолган: болалар ривожланишининг энг ашаддий душмани телевизор, компьютер ёки телефонлар. Шу билан бирга одамлар ҳар қандай кишини “кишанлаб қўювчи” кичик нарсаларни унутиб қўймоқда. Масалан, болаларнинг руҳий саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи баъзи бир озиқ-овқат маҳсулотлари эътибордан четда қолмоқда.

Британиялик соғлом овқатланиш мутахассислари егуликлар нафақат овқат ҳазм қилиш тизимига, балки инсон психикасига ҳам таъсир кўрсатишини исботлаб берди. “Daily Mail”  ушбу тадқиқот натижаларини нашр этди.

Қайта ишланган озиқ-овқат болалар учун фойдали эмаслиги илгари ҳам маълум бўлган ва бу ерда гап нафақат ортиқча вазн ҳақида кетяпти. Чипслар, ширин газланган сув, тез тайёрланадиган таомлар ва конфетлар депрессия ва саросималикка олиб келиши мумкин. 

Ушбу маҳсулотларни суиистеъмол қилиш ичак микрофлорасига салбий таъсир кўрсатади, овқат ҳазм қилиш ва иммунитет эса терининг саломатлиги ва иммунитетини сақлайдиган биринчи ва асосий ҳимоя тўсиғи бўлмиш микробиомага боғлиқ.

Шунингдек, қайта ишланган маҳсулотлар таркибидаги моддалар организмда яллиғланиш келтириб чиқаради. Олимлар сурункали яллиғланишнинг руҳий тушкунлик ва ташвиш билан боғлиқлигини исботлаб берди.

Мухтасар қилиб айтганда, фастфудлар серотонин даражасини, шунингдек, организм ишлаб чиқарадиган бошқа антидепрессантларни камайтиради. Бу ўз навбатида руҳий касалликларнинг ривожланишига имкон туғдиради.

Бу эътиборсизлик ёши туфайли фастфуднинг зарари ва оқибатларини тушуна олмайдиган, ичак микрофлораси жуда сезгир ҳисобланадиган болалар ва ўсмирларнинг хавф остида бўлиш даражасини оширади.