Наманганда ИИБ ходими нега катта йўлни тўсиб қўйди? (видео)
Кеча, 3 декабрь куни Наманган вилояти Наманган тумани худудида вилоят ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳодимларининг хизмат жараёни тасвирга олиниб, телеграм ижтимоий тармоғининг “Андижонликлар” канали орқали тарқатилди.
Хўш, аслида мазкур ҳудудда ЙПХ инспекторлари нима сабабдан бу ҳолатда хизмат олиб бораётган эди?
Ушбу ҳолатга Наманган вилояти ИИБ аниқлик киритди.
Маълум бўлишича, тасвирга олинган вақтдан аввалроқ, соат 09:35 ларда Наманган тумани Тошбулоқ маҳалласида яшовчи, ҳайдовчилик билан шуғулланувчи фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, “Дамас” русумли, оқ рангли давлат рақами 10 U 351 MA бўлган автомашинани Наманган вилояти Мингбулоқ тумани худудида ишонч қоғози орқали бошқариб бораётиб, автомашинадан тушган вақтда нотаниш йўловчи автомашинани олиб қочиб кетганлигини маълум қилиб, чора кўришни сўраган.
Мазкур ҳолат юзасидан Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан тезкор режа ҳаракатга келтирилиб, вилоят ҳудуди бўйича суриштирув-текширув ишлари олиб борилган. Вилоят ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳодимлари автомашина олиб қочилган Мингбулоқ туманига қўшни бўлган Наманган тумани ҳудудида қидирувдаги автомашинага ўхшаш бўлган оқ рангли “Дамас” автомашинасини текшираётган вақтида номаълум шахс уларнинг хизматига ва махсус режанинг давомийлигига халақит бериб, ходимларни тасвирга олган. Ходимларнинг бир неча маротаба огоҳлантириши, бу рейд эмас махсус тадбир эканлиги ҳақидаги тушунтиришларига қарамасдан, тасвирга олишни давом эттирган.
“Аслида мана шундай тадбирлар давомида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига кўмаклашиш, вазият юзасидан билган маълумотлари ҳақида хабар бериш мулкидан айрилган замондошимизнинг, ҳамда уни топишга киришган ходимларнинг мушкулини осон қиларди. Қолаверса, бу ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир”, дейилади расмий хабарда.
Шунингдек, тезкорлик билан амалга оширилган тадбирлар натижасида қидирувда бўлган “Дамас” автомашинаси ички ишлар бошқармаси ҳодимлари томонидан топилиб, мулк эгасига қайтарилган.
Мазкур жиноятни содир этган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267 моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.