Навбаҳорда маҳалла раиси "сайланди"
Каттақўрғон шаҳрида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси томонидан ҳудудий семинар бўлиб ўтди.
Пахтачи, Нарпай, Нуробод, Каттақўрғон туманлари ва Каттақўрғон шаҳар кўмаклашувчи комиссиялари аъзолари иштирок этган тадбирда вилоят кўмаклашувчи комиссияси раиси Н.Раббимова сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказишда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар ҳақида сўз юритди.
Шундан сўнг иштирокчилар Каттақўрғон шаҳридаги Навбаҳор маҳалла фуқаролар йиғинида олиб борилаётган ишлар, ишчи гуруҳ фаолияти билан яқиндан танишди. Намуна тарзида маҳалла раиси сайлови жараёни уюштирилди.
- Ҳудудий семинар маҳалла раиси (оқсоқоли) сайловини амалдаги тартиблар асосида ташкил этиш ва ўтказишда биз учун катта тажриба бўлди, - дейди Пахтачи туманидаги Тинчлик маҳалласи ишчи гуруҳи раиси Нормурод Қурбонназаров. – Айниқса, намунавий сайлов жараёнида кўп саволларимизга жавоб олдик.
Шуҳрат Қаршиев.