Навоий кон-металлургия комбинати Сирдарё ва Бухоро вилоятларига ёрдам жўнатди
Эл бошига иш тушганда яқиндан кўмакдош бўлиш қон-қонимизга сингиб кетган. Бу анъана табиий офатлар оқибатида республикамизнинг баъзи ҳудудлари аҳолисига етказилган талафотларни ҳамжиҳатликда бартараф этишда яққол намоён бўлаяпти. Бундай хайрли ишларда Навоий кон-металлургия комбинати ҳам фаол иштирок этмоқда.
Жумладан, Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омбори тўғонидан сув чиқиши натижасида юзага келган тошқин оқибатларини бартараф этишга комбинат биринчилардан бўлиб ёрдам қўлини чўзди. Зудлик билан тошқин бўлган сув омборига комбинатнинг махсус ва қудратли техникалари жўнатилди. Айни пайтда корхонага тегишли 42 та автосамосвал, йўл қурилиши, юклаш, тушириш ва бошқа махсус техникалар офатни бартараф этиш ишларига тўла сафарбар этилган. Сирдарёликларга кўмакка отланган ишчи-ходимлар, муҳандис ва мутахассислар учун комбинат томонидан барча шарт-шароитлар яратиб берилди.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, комбинат жамоаси сирдарёликларга моддий ёрдам кўрсатиш борасида бошланган хайрия тадбирларидан ҳам четда турмади. Комбинат ишчи-ходимлари табиий офатдан зарар кўрган юртдошларимизга ўз шахсий жамғармаларидан 10 миллион сўмдан ортиқ маблағ, шунингдек, турли уй-рўзғор буюмлари, бадиий адабиётлар ва ўқув қуролларидан иборат моддий ёрдам кўрсатишди.
Шунингдек, Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманларида юз берган табиий офат оқибатида зиён етган ижтимоий объектлар ва аҳоли уй-жойларини тиклаш ишларига ҳам комбинат беғараз ёрдам кўрсатишга қарор қилди. Бугун 3 минг 800 дона шифер, 40 куб метр тахта ёғоч (стропила), 1 тонна мих юкланган карвон ушбу ҳудудларга етиб борди. Шунингдек, комбинатдан борган 40 нафар тажрибали дурадгор ва усталардан иборат гуруҳ ҳам ишларни бошлаб юборди.
Абдумажид ЖЎРАЕВ,
НКМК бош директори матбуот котиби.