Навруз байрамига “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳам чегирма эълон қилди
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти маҳаллий йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида Наврўз байрамига бир қатор чегирмалар эълон қилди.
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ матбуот хизматидан маълум қилишича, 21-23 март кунлари маҳаллий йўналишлардаги йўловчи поездлар чипталари учун мавжуд тарифлардан чегирмалар тақдим этилмоқда.
Жумладан, нафақахўрлар, ногиронлар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган фуқароларга 50 фоиз, ОТМ, ҳарбийлаштирилган махсус таълим муассасалари талабалари, ўқувчилар, оилавий саёҳатга чиққанлар учун (никоҳ гувоҳномаси ва қариндошликни белгиловчи ҳужжатлар нусхаси тақдим этилган ҳолда), 4 кишидан ортиқ ҳамкасбларга 15 фоизлик чегирмалар берилади.
“Aфросиёб” тезюрар поездларида эса барча тоифадаги йўловчиларга 10 фоиз чегирма бор.
Юқорида қайд этилган чегирмалар фақат темир йўл кассаларида расмийлаштирилади.
Имтиёз электрон чипталарни расмийлаштиришда тақдим этилмайди. Таъкидланишича, электрон чипталарни расмийлаштириш тизимида ҳозирча бундай техник имконият мавжуд эмас. Мутахассислар ушбу функцияни такомиллаштириш борасида ишламоқда.
Шунингдек, жорий йил 5 мартдан 30 апрелга қадар “Тошкент – Самарқанд” йўналишида ҳар пайшанба куни “Aфросиёб” тезюрар поездининг қўшимча қатнови ҳам йўлга қўйилади.