Найманободда замонавий спорт зал мавжуд. Унинг эшиклари қишлоқ ёшлари учун доимо очиқ

Жорий йилнинг 24 февраль куни Zarnews.uz веб-сайтида “Найманободдан нега чемпионлар чиқмаяпти?” номли мақола эълон қилинди.

Нуробод тумани ҳокимлиги томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, Меҳнаткаш маҳалласи Найманобод қишлоғида спорт соҳасини ривожлантириш бўйича муносиб шарт-шароитларни яратиш масаласи атрофлича ўрганиб чиқилди.

Бугунги кунда Найманобод қишлоғида 15-умумий ўрта таълим мактабига қарашли, 2015 йилда қурилган, 12х24 ўлчамдаги, керакли инвентарлар билан таъминланган замонавий спорт зали ва ёрдамчи хоналар қишлоқ ёшларига туну-кун хизмат кўрсатиб келмоқда.

Мактаб маъмуриятининг таъкидлашича, ўқув дарсларидан ташқари вақтларда спорт зал эшиклари қишлоқ ёшлари учун доимо очиқ.

Мазкур спорт зали бугун 20 дан ортиқ спорт жиҳозлари билан таъминланган бўлиб, жорий йилнинг биринчи чораги якунига қадар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қўшимча спорт жиҳозлари олиб берилиши белгиланди.

Нуробод тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.