Нега биринчи жарроҳ аёл бутун умри давомида ўзини эркак қилиб кўрсатди?

Маргарет Энн Балкли ҳақиқатан ҳам биринчилардан бўлиб она ҳам, бола ҳам омон қолган туғиш қийин ва хавфли бўлган ҳолда она қорнини ёриб, болани олиш жарроҳлик амалиётини муваффақиятли амалга оширган. Ўша пайтда у ўзини Маргарет Балкли эмас, Жеймс Берри деб таниширишни афзал кўрган. Бу сир фақат бир неча йил ўтгач, жарроҳнинг ўлимидан кейингина очилди.

Маргаретнинг Жеймсга айланиши

Маргарет Энн Балкли 1795 йилда ирландиялик бадавлат дўкондор оиласида туғилган. Эҳтимол, отаси касодга учраб, қамоқхонага тушмаганида Маргаретнинг ҳаёти бошқача бўлган бўларди. Ўша пайтларда аёллар таълим олиш ҳуқуқига эмас эди ва улар муносиб ишларга жойлашиш у ёқда турсин, ҳеч қандай мартабага эриша олмас эди. Шу сабабли оилавий кенгашда тирикчиликсиз қолган қиз ва унинг онаси кун кўришини мўлжаллаб Маргаретдан йигит яратишга қарор қилинди.
Бир куни онаси қўшниларига қизи билан Шотландияга даволаниш учун кетаётгани айтди. Маргарет кемага аёл либосида чиқиб, Эдинбургдаги қирғоққа Жеймс Берри сифатида тушди. Сўнг у Эдинбург университетига ўқишга кирди.

Эркак жарроҳ қиёфасида
Университетни тугатгач, ёш жарроҳ Жеймс Берри ҳарбий хизматга юборилди. У Ҳиндистонда хизмат қилганида ўзини аъло даражада кўрсатганлиги, касал ва ярадорлар шароитини яхшилаб, уларни парвариш қилганлиги учун аскарлар ёш шифокорга катта ҳурмат билан қараган. Бироқ Беррининг ҳамкасблари унинг жанжалкаш феъл-атвори бўлганлигини таъкидлашган. Шунга қарамай, уларнинг ҳеч бири қилтириқ шифокор билан баҳслашишга журъат қилмасди: ҳамма Берри қиличдан усталарча фойдаланишини ва хатосиз ўқ узишини билар эди.

Қўрс феъл-атворига қарамай, Берри тез орада лавозимда кўтарилди ва Кейптаундаги санитария инспектори лавозимига ўтказилди. Айнан Африкада Жеймс Берри қиёфасидаги Маргарет Энн Баркли Жанубий Африкада ўзининг биринчи жарроҳлик амалиётини амалга оширди. Ажабланарлиси, операция натижасида нафақат она, балки бола ҳам тирик қолган. Умуман олганда, жарроҳ Кейптаун аҳолиси учун жуда кўп ишларни қилди, хусусан, шаҳарда сув таъминоти тизимини ўрнатди. Бу иш Барри билан дўстона муносабатда бўлган шаҳар мэрининг ёрдамисиз бўлмагани аниқ.

Кўза кунда эмас кунида...
Берри 1865 йилда Лондонда вафот этди. Жарроҳнинг жасадани юваётган хизматкори София Бишоп марҳумнинг ҳақиқий жинсини аниқлади. Жеймс Беррининг сирини ҳам у очди. Бу ўша давр учун ҳайратомуз янгилик бўлиши мумкин эди, бироқ жанжал босди-босди қилинди. Фақат 1950 йилга келиб “Доктор Жеймс Беррининг ғалати қиссаси” («The strange story of Dr James Barry», Isobel Rae) асари муаллифи, тарихчи Изобел Ре архивдан Жеймс Беррининг аёл эканлиги ҳақидаги ҳужжатларни тасодифан топиб олди.

Шу билан Изобел Ренинг текшируви якунланди: у бошқа ҳеч нарса топа олмади. Аммо Алистер Фрейзен-Мудининг “Тиббий бахтсизликлар” («Medical Misadventures», Alistair Fraser-Moodie) нашрида айтилишича, 2000 йилнинг бошларида шифокорлар Майкл дю При ва Жереми Дронфилд бу ишни ўз зиммаларига олишди. Улар жарроҳнинг хатларини топган ва баъзилари “Жеймс Берри”, бошқалари “Маргарет Энн Беркли” имзоси остида ёзилганини кўриб қолишди. Мутахассисларнинг фикрига кўра, хатлардаги қўл ёзувлари бир хил бўлиб чиқди.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.