Ниқоб тақиш шунчалик қийинми? Билиб-билмай касаллик тарқатувчи бўлиб қолмайлик!
Ҳозир синов давридамиз. Ундан эсон-омон ўтиб олишимиз учун барча чоралар ишга солиняпти. Пойтахт чегаралари ёпилди, корхона ва ташкилотлар масофавий ишлаш усулига ўтди. Ҳатто, Сенат ялпи мажлиси видеоселектор тарзида ўтказиладиган бўлди. Бу менимча, Сенатимиз тарихида биринчиси бўлса керак.
Карантинни тўғри тушунган, унинг талабларига риоя қилаётган юртдошларимиз жуда кўп. Аммо бирламчи талабни бажармайдиганлар ҳам учраб турибди.
Бугун бозорга тушиб, “маска”сиз юрган одамлар кам эмаслигини кўриб, ҳайрон қолдим. Бир-иккитасига танбеҳ берган бўлдим. Ҳақини яхши биладиган шоввозлар ниқобда юриш эртадан мажбурлигини айтиб, оғзимга уришди.
Тўғри, лекин ниқоб тақмаганларга жавобгарлик эртадан белгиланади. Бу бугун “маска”сиз юриш мумкин, дегани эмас. Наҳот, ниқоб тақиш шунчалик қийин бўлса?! Ўз соғлиғимизга, яқинларимиз хавфсизлигига бундайин эътиборсиз бўлмайлик. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, агар карантин тадбирларига риоя қилинмаса, бир киши бир ой ичида 406 кишига касаллик юқтириши мумкин экан.
Демоқчи бўлганим, билиб-билмай касаллик тарқатувчи бўлиб қолмайлик", деб ёзган @xolisfikr телеграм канали муаллифи.