Нодавлат нотижорат ташкилотлари – сайлов жараёнидаги муҳим жамоатчилик назорати субъекти

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтадиган кун — 24 октябрь санаси ҳам тобора яқинлашмоқда.

Демократик сайловларни фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Улар сайловларнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминловчи муҳим омил ҳисобланади.

Қонун ҳужжатларига асосан, мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг сайловларда фаол иштироки бўйича етарли ҳуқуқий асос ва имкониятлар яратилган. Ушбу имкониятларни билиш ва улардан кенг фойдаланиш, нафақат сайловларнинг демократик руҳда ўтишига, балки мамлакатимизда фуқаролик жамиятининг ривожланишига ҳам туртки бўлади.

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнлари халқаро нормалар ҳамда демократик принципларга тўла жавоб берадиган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси асосида амалга оширилмоқда. Унда халқаро норма ва стандартларга мос равишда нодавлат нотижорат ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларининг сайловлардаги иштироки  аниқ белгилаб берилган.

Жумладан, Марказий сайлов комиссиясининг мажлисларига жамоат бирлашмалари ва ташкилотларнинг вакиллари ҳам таклиф этилади. Жамоат бирлашмалари ўз аъзоларининг хоҳиш-иродаларини эркин билдириш мақсадида Марказий сайлов комиссияси йиғилишларида иштирок этишини сайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлиги сифатида эътироф этиш мумкин.

Шу билан бирга, участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар ҳам фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан кўрсатилишини давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг сайловларни ташкил этиш ва ўтказишдаги ўзаро манфаатли ҳамкорлигига мисол сифатида айтиш мумкин.

Мазкур кодексга асосан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этиши мумкин. Бугун мамлакатимизда демократик институт сифатида шаклланган маҳалла институти вакиллари муддатидан олдин овоз бериш, овоз бериш куни сайлов участкасининг очилиш ва сайлов натижаларини аниқлаш ва эълон қилиш жараёнларини кузатиб бориши мумкинлиги миллий демократик институтнинг ўрнини янада оширади.

Шунингдек, ННТлар сайловолди ташвиқот ишларида, овоз бериш, сайлов натижаларини ҳисоблашда бевосита иштирок этиш ҳуқуқи орқали сайлов жараёнининг ҳар бир босқичида самарали жамоатчилик назоратини амалга ошириш имконияти яратилади. Шу сабабли, мамлакатимизда сайлов жараёнларини ошкоралик, шаффофлик, ҳаққонийлик, холислик каби демократик принципларини амалга оширишда ННТлар энг муҳим ўрин эгаллайди. ННТлар ўз фаолиятини тегишли комиссиялар томонидан берилган мандатлар асосида амалга ошириб, сайлов участкасида ушбу кодекснинг талаблари бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асослар бўлса, тегишли сайлов комиссиясига маълум қилиш лозим ҳисобланади.

Шунингдек, кодексга кўра, Марказий сайлов комиссияси имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи Эксперт гуруҳини тузиши мумкин. Эксперт гуруҳи таркибига давлат органлари қатори фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳам жалб этилиши жамоатчилик назорати сифатида жамоат бирлашмалари аъзоларининг манфаатлари ва эҳтиёжларини акс эттиришга асос бўлади.

Юқоридагиларнинг барчаси нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан сайлов жараёнлари устидан таъсирчан жамоатчилик назорати ва сайловларда фаол иштирок этиши орқали мамлакатимизда давлат бошқарувида очиқлик ва ошкораликни янада мустаҳкамланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Ф.Раҳматов,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди бош мутахассиси.