Номи бор, бироқ харитада йўқ давлатлар ҳақида эшитганмисиз?

- Замонавий дунёда жуда кўп давлатлар ҳақида эшитганмиз, бироқ уларни бирорта харитада тополмайсиз. 1967 йил 2 сентябрда британиялик истеъфодаги майор Рой Бейтс Шимолий муз океанида жойлашган денгиз платформасини Силенд князлиги деб эълон қилди. Ўзини эса княз Рой I Бейт, хотинини княгиня Иоанна I деб номлади. Унинг ҳеч ким томонидан тан олинмаган митти давлати бор-йўғи 0,004 квадрат километрни ташкил этса-да, ўзининг конституцияси, мадҳияси, герби, шахсий маркасига ва ҳатто силенд долларига ҳам эга эди.

- Қачонлардир Италиянинг Себорг қишлоғи мустақил феодал князлиги бўлган. Бироқ улар 1729 йилга келиб мустақиллигини йўқотишган. 1963 йилга келиб Себорг қишлоғи аҳли тўсатдан ўз давлатини Италия таркибига расмий тарзда кирмаганлиги ҳақида эслаб қолишди ва яна ўз мустақиллигини эълон қилишди. Италия ҳукумати бу эътирозга аҳамият қаратмаган бўлса-да, Себоргга келувчи сайёҳлар сони ошиб бормоқда.

- Ёзувчи Эрнест Хемингуэйнинг номи дунёга машҳур. Унинг кичик укаси Лейчестер ҳақида эса камдан кам одам эшитган. Аммо, у Янги Атлантида давлатининг асосчиси ҳисобланади. Мазкур давлат Кариб денгизида Ямайкадан олти мил узоқликда жойлашган. Лейчестер Хемингуэй 1964 йилда мазкур орол мустақил давлат, ўзини эса табиийки, шу мамлакатнинг президенти деб эълон қилди. Ҳатто Л.Хемингуей Янги Атлантида маркаларини АҚШ президентига совға сифатида жўнатди. Бироздан сўнг «Янги Атлантида президентига» номланган жавоб хатини олгач, Лейчестер жуда фахрланиб кетди.

- Литва пойтахти Вильнюс шаҳрининг эски кварталларида Ужупис давлати жойлашган. Уни 1997 йилда маҳаллий маданият арбоблари ташкил этишган. У қадар катта ҳудудга ва тан олинган статусга эга бўлмаса-да, 12 кишидан иборат армияси бор. Шунингдек, бир қатор давлатларда ўз элчисига, мадҳия ва пулига эга. Ужупис аҳолиси ҳар йили 1 апрель куни ўз мустақиллигини нишонлашади.

- Кугельмугель давлати бор-йўғи 7,68 квадрат метр ҳудуддан иборат бўлиб, Австриядаги бир бинонинг ичида жойлашган. Ҳаммаси маҳаллий ҳукуматнинг рассом Эдвин Липбургерга думалоқ формадаги иморат қуриш учун берган аризасига берилган рад жавобидан бошланди. Чунки Алп тоғлари ёнида жойлашган мазкур мамлакат қурилиш кодексида бунақа формадаги уйни қуришга рухсат берилмаган экан. Шундан сўнг дарғазаб рассом мазкур уйни мустақил Кугельмугель Республикаси деб эълон қилди. Унинг митта давлати Австрия хазинасига солиқ тўлашдан ҳам бош тортди. Бунинг учун уни панжара ортига ташлашларига сал қолди. Уни ҳамкасби, Австрия президентининг ўзи шахсан аралашгандан сўнггина қўйиб юборишди. 

- Антарктика дунёнинг бирорта давлати ҳудудига кирмайди. Бироқ хоҳлаган давлат бу ерда ўз илмий тадқиқотларини олиб боришлари мумкин. Аммо, қитъа ҳудудини кўплаб виртуал мамлакатлар қоплаб олган. Илк виртул давлат 2001 йилнинг ноябрида пайдо бўлди. Бутунарктика буюк герцоглигига Тревис МакГенри асос солган. Бироз вақтдан сўнг бутун ҳудуд давлатларга тўлиб кетди. Жумладан, Антарктика Федератив штатлари, Мэри Республикаси, Фининсмунд қироллиги ва бошқалар. 2008 йилга келиб ҳатто Антарктика микродавлатлар иттифоқи ҳам ташкил этилди. Ана шундай тан олинмаган давлатлардан бирининг хўжайини, таниқли рус хазина изловчиси  Юрий Харчукдир. У ўзининг Рус хазина изловчилар князлигини 2002 йилнинг март ойида эълон қилди. Бу виртуал давлат ҳудудида жойлашган Россиянинг "Мир" станцияси ва унга туташ Ғалаба ороли ва Дригальский ерлари князга бўйсунмайди.

- Ер юзининг одам яшамайдиган қисмини виртуал давлатлар эгаллаб олгач, осмондаги Ойнинг пешонасига ҳам худди шундай тақдир ёзилган экан. АҚШлик Деннис Хоуп 1980 йилда Ойни қўлга киритишга ҳаракат қилди. Америка қонунларига биноан, ҳеч кимники бўлмаган ерлар уни биринчи бўлиб эгаллаган одамга берилар экан. Аммо, Хоуп Ойни «қўлга киритгач», ундаги ҳудудларни бўлиб-бўлиб арзон нархларда сота бошлади. Унга 99 доллар тўлаган инсон Ойдан бутун бошли 72 гектар ҳудудга эга чиқиши мумкин.

Дилмурод ТЎХТАЕВ тайёрлади.