Номоддий маданий меросни асраш кимнинг вазифаси?

Номоддий маданий мерос тушунчаси урф-одатларни, ўзига хосликни ифодалаш шакллари, билимлар ва кўникмаларни, шунингдек, улар билан боғлиқ жиҳозлар, предметлар, артефактлар ва маданий маконларни акс эттиради, улар эса ўз навбатида ҳамжамиятлар, гуруҳлар томонидан, алоҳида ҳолатларда эса муайян шахс маданий меросининг бир қисми сифатида тан олинганлигини англатади.

Авлоддан авлодга ўтиб келаётган бундай номоддий маданий мерос доимо муайян ҳамжамиятлар ва гуруҳлар томонидан уларнинг атроф-муҳитга, табиатга ва ўз тарихига боғлиқ ҳолда яратилади ва бу уларда ўзига хосликни, ворислик туйғусини шакллантиради ҳамда шу билан инсоният ижодини ва маданий турли-туманликнинг ҳурмат қилинишига кўмаклашади.

Барҳаёт ва ўлмас мезонлар жаҳон ҳамжамияти томонидан муносиб эътироф этилмоқда. “Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Конвенсия (2003 йил) талабларига мувофиқ, кўплаб халқларнинг маданий ранг-баранглиги ва анъаналарини ўзида акс эттирган қадрият ЮНЕСКО томонидан Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритиб борилмоқда.
ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси каталоги ёки энсиклопедияси (Ворлд Ҳеритаге) – табиат ёки инсон томонидан яратилган алоҳида маданий, тарихий ва экологик аҳамиятга молик объектлар жамламаси бўлиб, уларни асраб-авайлаш, оммалаштириш ва келажак авлодларга етказишни мақсад қилади.
2021 йил ҳолатига кўра, Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига 1154 та объект киритилган бўлиб, уларнинг 897 таси маданий, 218 таси табиат, 39 таси аралаш объектлардир. Бу объектлар ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий ва табиат меросини муҳофаза қилиш Конвенсиясини ратификация қилган 193 мамлакат ҳудудида жойлашган.

Бу ноёб ва нодир объектларнинг ҳар бирини пухта ўрганиш, улар ҳақидаги маълумотларни тўплаш, ўзбек тилига таржима қилиб, рангли фотосуратлари билан жамлаган ҳолда вазирлик ва идоралар масъулларига, маданият, санъат ва тарих ихтисослигидаги олий ўқув юртларига, илмий-тадқиқот муассасаларига, умуман кенг халқ оммасига тақдим этиш долзарб бўлиб турмоқда.

Айниқса, кўплаб тушунмовчиликлар ва масалани чуқур англамаслик оқибатида 2000 йилда ЮНЕСКОнинг 885-рақами билан рўйхатга киритилган Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий марказига эътиборсиз муносабатда бўлингани, қадимий ва тарихий объект атрофидаги бинолар вайронкор бузилгани, яқинида баланд меҳмонхоналар, турар-жойлар қурилгани туфайли 2016 йилда Хавф остида қолган Бутунжаҳон маданий меросига рўйхатига киритилгани (Лист оф Ворлд Ҳеритаге Ситес ин дангер) халқаро миқёсда номуносиб иш бўлди.

ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси каталоги ёки энсиклопедиясининг ўзбек тилидаги нашрининг тайёрланиши объектларни чуқур ўрганиш асносида Ўзбекистонда ЮНЕСКОнинг ушбу рўйхатига кирувчи объектлар сонини кескин ошириш имконини беради, натижада жаҳоннинг энг илғор ва бой тажрибасини юртимизга фаол татбиқ этишимиз, сайёҳлик салоҳиятимизни кенг тарғиб этишимиз мумкин бўлади. Бундан ташқари, моддий маданий мерос объектларини аниқлаш, муҳофаза қилиш ва улар устидан давлат назоратини амалга ошириш ишига кўмаклашади.

Ушбу фундаментал тадқиқот натижасида келгусида тизимдаги ва умуман, республикадаги соҳага оид мутасадди ходимларни қисқа курсларда ўқитиш имкониятини берувчи, олий ўқув юртларида алоҳида фан сифатида таҳсил бериш учун кенг илмий база яратилади.

Соҳада юзага келаётган тизимли муаммолар бўйича халқаро майдонда, турли анжуман ва конференсияларда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини фаол ҳимоя қилиш, тажриба алмашиш мақсадида бундай объектлари кўп бўлган давлатларга (Италия – 58, Хитой – 56, Германия – 51, Испания – 49, Франсия – 49, Ҳиндистон – 40, Мексика – 35, Буюк Британия – 34, Россия – 31, Эрон – 26) хизмат сафарлари уюштириш учун катта илмий-амалий асоснома бўлиб хизмат қилади. Қолаверса, 1972 йил 16 ноябрда имзоланган “Бутунжаҳон маданий ва табиат меросини ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенсия”нинг 50 йиллиги муносабати билан мамлакат бўйича кенг кўламли ҳафталик ўтказиш ва уни ОАВда кенг ёритиш учун катта тайёргарлик чораси ҳисобланади.

Мазкур фундаментал тадқиқот иши камида бир йилга мўлжалланган бўлиб, камида 3 нафар ходимни (муаллиф, экпертлик раҳбари, тўпловчи-муҳаррирни) талаб қилади.

Бу мақсадга ижтимоий буюртма сифатида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият жамғармаси, Олий Мажлис фонди маблағидан ташқари, БМТнинг ихтисослашган тузилмалари ва бошқа халқаро фондлар маблағларини жалб этиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Бундай хайрли ҳаракатларни амалга ошириш халқимизнинг номоддий маданий меросини кенг тарғиб қилиш ва уни келажай авлодларга етказиш имконини беради.

Гулнора Худойбердиева,
Тошкент давлат юридик университети Ихтисослаштирилган филиали доценти, юридик фанлар номзоди.