Ноқонуний никоҳ ўқиган “домла” профилактика инспекторига пора таклиф қилди

Фарғона тумани, Ўртақишлоқ қишлоғида яшовчи, 55 ёшли фуқаро С.М. Қувасой шаҳрида яшовчи, 66 ёшли фуқаро М.М. ҳамда 29 ёшли фуқаро Ю.Г.ларга ноқонуний равишда шаръий никоҳ ўқийди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Мазкур ҳолат Қувасой шаҳар ИИБ профилактика инспектори томонидан аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилади. Айни жараёнда фуқаро С.М. унга нисбатан қонуний чора кўрмаслик ҳамда тўпланган ҳужжатларни судга тақдим этмаслик эвазига инспекторга 1.000.000 сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида таклиф қилади.

Профилактика инспекторининг вилоят ИИБ бошлиғи номига билдиргиси асосида 12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЎХБ Фарғона вилояти бўйича бўлими, вилоят ИИБ ЖҚБ ва ИЖҚКД Қувасой шаҳар бўлими билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро С.М. профилактика инспекторининг хизмат хонасида унга 1.000.000 сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида берган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ушланиб, пуллар холислар иштирокида ашёвий далил тариқасида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан ИЖҚКД Фарғона вилояти, Қувасой шаҳар бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.