Ноқонуний равишда турар-жой иморатлари қурилиб, фуқароларга алдаб сотиб юборилганлиги аниқланди

Нукус туманида ердан ноқонуний фойдаланганлик ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Прокуратура органлари томонидан ер майдонларидан ноқонуний фойдаланиш ва эгаллаб олишнинг олдини олиш бўйича назорат тадбирлари ўтказилмоқда.

Жумаладан, Нукус тумани ҳокимининг қарори билан “Д.лимон” МЧЖга иссиқхона қуриш ва лимон маҳсулотлари етиштириш учун жами 22,4 гектар ер майдони ажратилган.

Бироқ жамият мансабдор шахслари томонидан ажратилган ер майдонида ноқонуний равишда турар-жой иморатлари қурилиб, фуқароларга алдаб сотиб юборилганлиги аниқланган.

Ўз навбатида, туман ер ресурслари ва давлат кадастри ва қурилиш бўлими мансабдор шахслари ажратилган экин ер майдонларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилмаганликлари оқибатида давлат манфаатларига жиддий зиён етказилишига сабаб бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2020 йил 11 февралда Нукус тумани прокуратураси томонидан ЖКнинг 168 ва 208-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.