Нуқул “шоҳ”, “шоҳ” дейсанлар. Уларга осон эмас...

Кунларнинг бирида Ҳиндистон шоҳининг қулоғига салтанатда исён кўтаришга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида хабар келди. У “шамол қаердан эсаётган”лигини аниқлаш учун саройдаги энг яхши айғоқчиларини сарой яқинида жойлашган, дурадгорлар йиғиладиган қовоқхоналарнинг бирига юборди.

Ҳар куни кечқурун бу жойда маҳаллий дурадгорлар овқатланиш учун келар экан. Айнан шу жойда давлатдаги тартибсизликлар тўғрисида гап-сўзлар бўлиб тураркан. Бошқа дурадгорлар қатори бу ерга шоҳ саройининг рўпарасида яшайдиган бир дурадгор ҳам келарди. Қовоқхонага кириб у “Биз қийналиб, қора чақага ишлаб юрган пайтимизда, бугун эрталаб соат саккизда шоҳ яна болохона айвонига чиқди. Унга хотини ҳар кунгидек узум едириб қўйди”, деб айтди. Айғоқчилар бу гапларни эшитиб, дарҳол сарой томон кетишди...

Эрталаб саҳарда дурадгорнинг эшигини тақиллатишди. Эшикни очган дурадгор шоҳ саройидаги мунажжимларни кўриб ҳайратланди. Мунажжимлар бошини эгиб, раммол йили ҳисоби бўйича юлдузлар уни янги шоҳ сифатида кўрсатганини, шу сабабли эртадан бошлаб у давлат ҳукмдорининг вазифаларини бажаришга киришишини таъкидлашди. Аввалига дурадгор иккиланди, кейин мамнуният билан рози бўлди ва саройга кўчиб ўтди.

Уни ярим кеча, соат иккида уйғотишди. Янги сайланган шоҳ бошида нима бўлаётганини илғамади, хизматкорлар “шоҳ” ибодатхонада туриб, бутун шоҳлик учун муваффақиятли кун бўлиши учун тонгги ибодатни ўзи ўтказиши кераклигини уқтиришди. Ибодатдан сўнг уни ҳарбий машқ қилиш залига ўтказишди, саройнинг энг яхши курашчилари бир неча соат давомида беллаштиришди. Кейин эса ўн нафардан ортиқ кишиларни ўлим жазосига ҳукм этиш тўғрисидаги ҳужжатга қўл қўйиши кераклигини айтишди. Соат саккизда уни нонушта қилиш учун қўйиб юборишди.

Гандираклаб болохона айвонига чиқиб, энди керилмоқчи бўлиб турувди подшонинг хотини яқин келиб, бир дона узумни унга едириб қўйди. Шоҳ хурсанд бўлиб:

- Нонушта вақти келдими? - деб сўради.

- Ана шу сизнинг нонуштангиз эди шоҳим, - деди шоҳбону. - Шоҳ зоҳид бўлиши керак, ҳақиқий ишлар ҳали олдинда.

Айвонда туриб “шоҳ” ўйланиб қолди ва тўғрида турган ўз уйининг туйнукчасига кўзи тушди ва ҳамма нарсани англаб етди.

Худди шу пайт мунажжимлар етиб келди ва унга юлдузлар айланиш ҳолати ўзгариб, унинг шоҳлик қилиш даври ўтганини айтишди. Бошидан тожни олиб, уни саройдан кузатиб қўйишди.

Кечқурун дурадгор қовоқхонага келиб, энди овқатланмоқчи бўлиб турган экан, кимдир бугун шоҳ ўзининг айвонида узумдан тўйиб еганлиги ҳақида гапиришни бошлабди. У жойидан туриб, бақириб юборибди:

- Бу шоҳни танқид қилишингизга йўл қўймайман!

Шоҳларга осон деб ўйламанг, деганлари шу бўлса керак-да.

Баҳора МУҲАММАДИЕВА тайёрлади.