Нуробод шаҳарчасида ходимларга қанча миқдорда коэффициент тўланади?

Ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашда табиий-иқлим шароити ҳам ҳисобга олинади. Масалан, иқлим шароити оғир жойда хизмат қилувчи ходимларга қўшимча устама пули тўланади. Вилоятимизда Нуробод тумани табиий-иқлим ва маиший шароити оғир ҳудудга киради. Сабаби, туманда уран қазиб олинади. Уран Нуробод шаҳарчасига яқин жойда қазиб олингани боис, ушбу ҳудудда меҳнат қилувчи давлат ташкилотида ишловчи ходимларга қўшимча коэффициентлар тўланади.

Нуробод шаҳарчасида 28 та давлат ташкилотлари мавжуд бўлиб, уларнинг 6 таси халқ таълими, 4 таси мактабгача таълим, 5 таси соғлиқни сақлаш соҳасидаги ташкилотлар, шунингдек, 13 таси турли соҳага оид ташкилотлардир. Ушбу ташкилотларда меҳнат қилувчи ходимларга 25, 50, 75 фоиз коэффициент тўланади. 25 фоиз коэффициент 3 йилгача ишлаган ходимларга, 50 фоиз коэффициент 3 йилдан 5 йилгача ишлаган ходимларга, 75 фоиз коэффициент эса 5 йилдан ортиқ меҳнат қилган ходимларга тўланади.

Умумий қилиб ҳисоблаганда жами 1492 нафар ходимга устама пуллари берилади. Масалан, соғлиқни сақлаш ташкилотларига йил давомида 4600380,0 сўм миқдорда коэффициент тўланса, туман халқ таълими соҳасига 3336625,0 сўм, мактабгача таълим соҳасига 426209,2 сўм миқдорда қўшимча ҳақ тўланади. Тумандаги бошқа соҳа ходимларига эса йил давомида 1290120,9 сўм миқдорида коэффициент тўланади, яъни ҳаммаси бўлиб Нуробод тумани 9653335,2 сўм миқдорида йиллик коэффициент тўлайди.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.