Нурободда иккита қуёш фотоэлектр станциялари қурилиши бошланди

Хабар қилганимиздек, Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида энергетика соҳасида янги қувватларни ишга тушириш ва навбатдаги лойиҳалар қурилишига старт бериш маросими бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа тарзида ташкил этилган тадбирда вилоятимизнинг Нуробод туманида умумий қуввати 1000 мегаватт бўлган иккита қуёш фотоэлектр станцияси қурилишига рухсат берилди.

Аҳолини ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш мақсадида Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси инвестицияси асосида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа Нуробод туманининг Сазағон ва Олға массивлари ҳудудида ташкил этилмоқда.

– Лойиҳа учун қарийб 3 минг гектар ер майдони ажратилмоқда, – дейди “ACWA Power” компанияси вакили Шамшод Шукуров. – 1 миллиард 807 миллион АҚШ долларилик лойиҳа қуввати 1000 мегаватт (1 гегаватт) бўлган қуёш фотоэлектр станцияси, 700 километр электр ҳаво узатиш тармоқлари ва 1000 мегаватт электр энергиясини сақлаш тизими қурилишини ўз ичига олади. Қуёш фотоэлектр станциясининг биттаси Сазағонда (100 мегаватт), иккинчиси эса Олғада (900 мегаватт) қурилади. Лойиҳани амалга ошириш учун 2023 йил 19 апрелда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда “ACWA Power” компанияси билан инвестиция битими, ишлаб чиқариладиган электр энергиясини сотиб олиш бўйича “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти билан битим имзоланган. Шу асосида 2023 йил 4 июль куни давлатимиз раҳбарининг иккита қарори қабул қилинган.

Объектларни лойиҳалаш ва қурилиш-монтаж ишлари Ҳиндистоннинг Larsen&Toubro ва маҳаллий компаниялар томонидан амалга оширилади. Қурилиш даврида 600-700 тагача, объектлар тўлиқ ишга тушгандан сўнг 30 та доимий иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

– Бу компаниянинг Ўзбекистондаги биринчи иши ҳисобланади, – дейди Larsen&Toubro компанияси вакили Константин Дугин. – Лойиҳанинг нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёдаги энг йирик лойиҳалардан бири эканлигини эътиборга олиб, жуда катта масъулиятни ҳис қилган ҳолда иш бошлаяпмиз. Қурилиш ва станцияларни тармоққа улаш ишлари 2,5 йил давом этиши кўзда тутилган. Биз бу давр ичида лойиҳада белгиланган барча юмушларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишни мақсад қилганмиз.

Маълумотларга кўра, лойиҳанинг дастлабки қувватлари 2026 йил якунига қадар тармоққа уланиб, 2027 йил тўртинчи чорагида тўлиқ ишга туширилади. Бунинг натижасида 2340 миллион кВт соат ёки 975 минг хонадоннинг бир йиллик истеъмолига тенг “яшил” энергия ишлаб чиқарилади. 709 миллион метр куб табиий газни тежаш ва 983 минг тонна зарарли моддаларнинг атмосферага чиқарилишининг олди олинади.