Самарқандда маъмурий ва ёрдамчи биноларга 600 та кичик қуёш фотоэлектр станциялари ўрнатилади

Шу йил 10 июнь куни Президент раҳбарлигида қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Мазкур йиғилишда Ш.Мирзиёев барча вазирлик ва идора, ҳокимлик, маҳалла биноларини муқобил энергияга ўтказиш вақти келганини таъкидлаган эди.

Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан ташкилотларнинг маъмурий (ёрдамчи) биноларига кичик қуёш фотоэлектр станцияларини ўрнатиш режа-тақсимоти ишлаб чиқилди. Тақсимотга кўра, биринчи навбатда вилоятдаги корхона, ташкилотларнинг маъмурий ва ёрдамчи биноларига 600 та кичик қуёш фотоэлектр станциялари ўрнатилади. Ўрнатиладиган станцияларнинг 360 таси қуёш панеллари бўлса, 240 таси қуёш сув иситиш қурилмаларидир.

Бу ҳақда бугун ўтказилган ҳокимлик соатида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов маълум қилиб, иқтисодиёт тармоқлари, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларида қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш чораларини кўришга барча раҳбарлар масъуллигини билдирди.

Шунингдек, раҳбарларга корхона ва ташкилотларда электр ва иссиқлик энергияси харажатларини камида 25 фоизга қисқартириш бўйича дастур ишлаб чиқишга кўрсатма берди.