Нью-Йорк ҳайвонот боғидаги йўлбарсда коронавирус аниқланди

Нью-Йорк ҳайвонот боғи қарамоғида бўлган Нади лақабли йўлбарсда коронавирус аниқланди – бу йўлбарсларда биринчи мартта COVID-19 аниқланиши.

Табиатни қўриқлаш жамиятининг хабарига кўра, Нади билан бир қаторда унинг опаси Азул, икки нафар амур йўлбарси ва уч нафар Африка шерлари ҳам касалланган. Жониворларда қуруқ йўтал пайдо бўлган. Уларнинг коронавирус инфекциясини юқтириб олганликларини АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ветеринария хизмати тасдиқлади.

Йўтал билан бир қаторда, жониворларнинг иштаҳаси пасайгани кузатилмоқда. Бироқ улар ўзларини илгаригидек фаол тутмоқдалар. Жониворлар яқин кунларда тузалиб кетишларига умид қилинмоқда.

Тахминларга кўра, жониворлар уларга қаровчиларнинг биридан касалликни юқтириб олган. Айни вақтда ҳайвонот боғи маъмурияти, касаллик тарқаб кетишининг олдини олиш мақсадида барча ходимлар учун зарурий чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Ҳайвонот боғидаги бошқа жониворларда касаллик белгилари сезилмаган.