Ўчмайдиган хотира
Ўша куни бобоси билан бозорга тушишганди. Тумонат одам, биров сотарман, биров оларман. Дарвозадан киришда кўзлари бир четда, қўлида алмисоқдан қолган ўт-кўкат, гўшт қиймалагич чопқи, ошқовоқ қирғич, сал пачоқ бўлган човгум ушлаб турган ўрта ёшлардаги юпун кийинган кишига тушди. У харидор топилармикан, деган маънода бозорга кириб чиқаётган кишиларга умидвор мўлтираб қарарди.
- Ука, буларни сотмоқчимисиз? – бобоси ҳалиги кишининг қўлидан чопқини олиб, салмоқлаб айлантириб кўрган бўлди.
- Олинг, ўткиргина, рўзғорга асқотади, - сотувчи жонланди.
- Неча пул сўрайсиз? – бобоси чўнтагидан пул чиқариб санай бошлади.
- Билмайман, ўзингиз кўнгилдан чиқариб, уч-тўрт сўм берарсиз, кампирим уйда оч ўтирибди, ёлғизмиз. Икки ўғлимиз урушда ҳалок бўлди.
Сотувчи овози титраб ёшланган кўзларини ерга тикди.
- Ҳаммасини оламан, - деди бобоси. – Мана сизга 15 сўм. Бир пуд жўхори беради, розимисиз?
- Розиман ака, розиман. Илоҳим дунё тургунча туринг...
- Бобо, бу темир-терсакни нима қиламиз? – Ҳайрон бўлиб сўради набира норози оҳангда.
- Эй, болам, биламан, ҳеч нарсага ярамайди, - деди хўрсиниб. – Кўряпсан, бечора муҳтожликдан икки-уч сўм илинжида чиққан. Урушнинг номи ўчсин! – бобоси оғир хўрсинди.
...Рустам бобо болалигида, бундан 70 йил илгари бўлган бу воқеани эслар экан, кўз ўнгида яхшилик деб яшаган бобоси намоён бўлади.
Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.