Одам ДНКси суд-биологик экспертизасига мурожаатлар ўтган йилга нисбатан уч бараварга ортган

Бугунги кунда суд экспертиза фаолиятини замонавий ва юқори аниқликдаги таҳлил воситалари билан жиҳозлаш орқали одил судловни таъминлаш, суд экспертизалари сифати ва ишончлилигини оширишга талаб ошмоқда. Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси лабораториясида айнан шундай мураккаб тадқиқотлар кўплаб ўтказилади.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан Республика суд экспертизаси марказининг Одам ДНКси суд биологик экспертизаси лабораториясига биологик оталик фактини аниқлаш, биологик оналик фактини аниқлаш ва бошқа қариндошлик фактларини аниқлаш юзасидан экспертизалар тайинланиб келинмоқда.

Ҳозиргача низоли яқин қариндошлиликни ҳамда шахсни аниқлаш масалаларини ҳал этишда ДНК таҳлилидек ишончли ва аниқроқ услуб мавжуд эмас. Яқин йилларгача ҳам фуқаролик судлари томонидан низоли оталик масалаларини ҳал этиш учун гувоҳларнинг кўрсатмалари, турли ҳужжатлар, тавсифномалар тақдим этиш талаб қилинса-да, буларнинг барчаси одил судловни таъминлай олмас, кўпгина ҳолларда масала  судлашаётган томонларнинг бир-бирига нисбатан бўҳтонлар тарқатишга ҳам тақалар эди. ДНК экспертизаси хатоликларни бутунлай бартараф этиш имкониятига эга. Генетик тадқиқотлар суд ажримлари асосида, шунингдек, шахсий сирларни тарқатмасликка риоя қилган ҳолда шахсларнинг мурожаати ва шахси сир сақланган ҳолда яъни аноним асосида ҳам ўтказилади.

Лаборатория амалиётида яқин қариндошликни аниқлаш масалалари юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судлардан даъвогарнинг оталикни белгилаш ва алимент ундириш, туғилганлик гувоҳномаларига ўзгартириш киритиш мақсадида,  мерос белгилашда қариндошликни аниқлаш ҳолатлари бўйича шахсларнинг ўзларининг мурожаати ва аноним мурожаатлар бўйича тадқиқотлар ўтказиб келинади. Марказнинг вилоят бўлими одам ДНКси суд-биологик экспертизаси лабораториясида яқин қариндошликни аниқлаш масалалари биологик оталик, биологик оналик фактини аниқлаш юзасидан ҳозирги кунгача 180 дан зиёд мурожаатлар келиб тушган. Шундан бўлимга бевосита шахсларнинг ўз мурожаатлари, яъни мутахассис фикрлари ва аноним мурожаатлари сони 30 дан зиёдни ташкил қилиб, бу ўтган йилга нисбатан уч бараварга ортган. 

Ҳозирги вақтда одам ДНКси суд-биологик экспертизаси бўйича тадқиқотлар Республика суд-экспертиза маркази ва унинг вилоят  бўлимларида ўтказиб келинмоқда.

Н.Рўзиева.

Республика суд-експертиза Маркази вилоят бўлими одам ДНКси суд-биологик экспертизаси эксперти.